Кредит учун ягона платформа, ошаётган нафақа ва ишга тушаётган бонд омборлари. Ўзбекистонда 1 июлдан нималар ўзгаради?
Шунингдек, тадбиркорлар учун солиқ ҳисоботлари соддалаштирилади, айрим текширувлар бекор қилинади, ипотека омонатлари тажриба тариқасида жорий этилади ҳамда йирик солиқ тўловчилар рўйхати кенгаяди.
Пенсиялар ва нафақалар оширилади
1 июлдан пенсиялар ва нафақалар ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 7% га оширилади.
Бунда ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 983 минг сўмни (олдин 918 минг сўм), ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори эса ойига 1 083 минг сўмни (1 012 000 сўм) ташкил этади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
- 3 ёшгача бўлган 1 та кичик фарзанди учун — 386 минг сўм (олдин 360 минг сўм);
- 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 1 та фарзанди учун — 295 минг сўм (275 минг сўм);
- оиланинг 2-фарзанди учун қўшимча — 177 минг сўм (165 минг сўм);
- оиланинг 3- ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча — 118 минг сўм (110 минг сўм).
Шунингдек, ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори 450 минг сўм (олдин 420 минг сўм эди) этиб белгиланди.
1 июлдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 504 000 сўм этиб белгиланди. Амалда бу миқдори 471 минг сўмни ташкил этганди.
Ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик каби нафақалар қанчага оширилади?
1 июлидан бошлаб фуқароларга тўланадиган бошқа пенсия ва нафақаларнинг миқдорлари қуйидагича оширилади:
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 1 083 000 сўм (олдин 1,012 млн сўм эди);
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 1 083 000 сўм (1,012 млн сўм);
- 1941−1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ҳамда Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 4 775 000 сўм (4,462 млн сўм);
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (983 000 сўмдан) 1 083 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори — ойига 1 083 000 сўм (1,012 млн сўм);
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 878 минг сўм (820 минг сўм);
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 878 минг сўм (820 минг сўм);
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — ойига 878 минг сўм (820 минг сўм);
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 878 минг сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 290 минг сўмдан (олдин 270 минг сўм эди) қўшилади;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 878 минг сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Савдо ва хизмат кўрсатишда ягона QR-код ишга тушади
Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча юридик шахслар учун ягона QR-код — UzQR тизими ишга туширилади. У орқали харидор исталган банк ёки тўлов иловаси ёрдамида битта QR-кодни сканер қилиб тўловни амалга ошириши мумкин.
1 июлдан QR-код орқали тўловларни қабул қилиш савдо ва сервис корхоналари учун мажбурий бўлади. Тадбиркорлар тизимга бепул уланади. UzQR терминалларсиз тўлов қабул қилиш, бир QR-кодларга эҳтиёжни бартараф этиш ва маблағларни 24 соат ичида ҳисобга тушириш имконини беради.
Тизим бўйича умумий комиссия 0,65% этиб белгиланган. Бу маблағ экваер банк, Uzcard, Humo,QR-код оператори, тўлов иловаси ва тўловчи банк ўртасида тақсимланади. Истеъмолчидан комиссия ундирилмайди.
Марказий банкнинг маълум қилишича, 0,65% лик тариф амалдаги 1−3% лик QR-тўлов комиссияларидан анча паст. Шу билан бирга, айрим иловалар томонидан қўшимча йиғимлар ундирилаётгани қайд этилиб, бундай тўловлар тизимнинг расмий тарифига кирмаслиги таъкидланган.
Кредит олиш учун ягона платформа ишга туширилади
Марказий банк томонидан кредитга ариза бериш ҳамда банклар таклифларини олиш имконини берувчи молиявий платформа ишга туширилади. Уни июлга қадар жорий этиш белгиланган.
Кичик ва ўрта бизнесга оид маълумотлар Рақамли ҳукумат тизими орқали олинади. Улар 2027 йил 1 июнгача банкларга беғараз тақдим этилади.
Платформадаги маълумотлар асосида банклар тадбиркорларга ўз шартлари бўйича кредит ва бошқа молиявий хизматлар таклифларини юборади. Тадбиркорлар эса ушбу таклифларни солиштириб, ўзига мос вариантни танлаши мумкин бўлади.
Гаровсиз микрокредит лимити 200 млн сўмгача оширилади
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида аввал микрокредит олган ва ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорларга микрокредитнинг гаровсиз қисми 100 млн сўмдан 200 млн сўмгача оширилади.
Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси кичик бизнесга кредит (лизинг) миқдоридан қатъи назар, унинг 5 млрд сўмгача қисми учун фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этади.
Шу билан бирга, ҳар йили дастур асосида қўллаб-қувватланган, ўз фаолиятини кенгайтирган ва юқори кўрсаткичга эга 100 та тадбиркорга 300 млн сўмгача грант ажратилади. Маблағлар фаолиятини рақамлаштириш, халқаро стандартларни ва яшил технологияларни жорий этиш харажатлари йўналтирилади.
Компания грант тақдим этиладиган 100 та тадбиркорни аниқлаш тартибини тасдиқлаши ҳамда ҳар йили май ойига қадар грант бериладиган бизнес вакиллари рўйхатини эълон қилиши керак.
«Квартплата» бўйича қарздорлар учун электрга тўлов қилиш чекланади
1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ асосий жараёнлар — умумий йиғилишларни чақириш ва ўтказиш, қарорлар қабул қилиш, шартномалар тузиш, бошқарувчиларнинг ҳисоботларини тақдим этиш ҳамда мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш — фақат «Менинг уйим» ахборот тизими орқали амалга оширилади. Мазкур тартиб 2027 йилдан бошлаб мамлакатнинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.
Шунингдек, мажбурий бадаллар ҳамда умумий мол-мулкни ижарага бериш ва ундан фойдаланишдан тушадиган маблағлар ҳисоби «Менинг уйим» тизими орқали юритилади. Ҳар бир кўп квартирали уй учун алоҳида банк ҳисоб рақами очилиб, унда уйга тегишли барча тушум ва харажатлар акс эттирилади.
Мулкдорлар мажбурий тўловларни ҳар ойнинг 15-санасига қадар амалга ошириши лозим. Тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаса, қарздорлик бартараф этилгунга қадар электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш чекланади. Бундан ташқари, кечиктирилган тўловлар учун ҳар бир кун бўйича пеня ҳисобланади.
Умумий мол-мулкни ижарага беришдан тушадиган даромадлар, жумладан мобил алоқа антенналари ва реклама жойлаштиришдан олинадиган маблағлар тегишли уйларнинг банк ҳисоб рақамларига йўналтирилади ва мулкдорларнинг даромади ҳисобланади. Бошқарувчилар эса ҳар чорак якуни бўйича даромадлар, харажатлар ва бажарилган ишлар юзасидан ҳисоботларни «Менинг уйим» тизимида эълон қилиб боради.
Бундан ташқари, кўп квартирали уйларнинг умумий мол-мулкини ижарага бериш «Э-аукцион» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади ва тушган маблағлар тегишли уйларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилади.
Ўзбекистонда бонд омборлари ишга туширилади
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун мўлжалланган товарларни махсус электрон савдо платформалари орқали сотишга хизмат қилувчи янги турдаги эркин омбор — бонд омборлари фаолияти йўлга қўйилади.
Эксперимент доирасида товарлар бонд омборларига эркин омбор божхона режими асосида жойлаштирилади ва махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга чакана сотилади. Бундай товарларни чиқаришда айрим ҳолларда мувофиқликни баҳолаш, санитария ва ветеринария назорати талаблари қўлланилмайди, бироқ маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мослиги учун жавобгарлик омбор операторлари зиммасига юкланади.
Айрим тоифадаги товарлар учун амалдаги божхона тўловлари ўрнига уларнинг сотув қийматидан 5% миқдорида ягона божхона тўлови ёки ҚҚС ва 3% лик бож ундирилади. Шу билан бирга, айрим товарларни бонд омборлари орқали жисмоний шахсларга сотиш бўйича айланмалар ҚҚСдан озод этилади.
Божхона ва солиқ органлари электрон ахборот алмашинуви орқали бонд омборларидан харид қилинган маҳсулотларнинг кейинчалик тижорат мақсадида қайта сотилишини назорат қилади. Бундай ҳолатлар аниқланса, божхона тўловлари умумий тартибда қайта ҳисобланиб ундирилади.
Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчилар рўйхати кенгаяди
2026 йил 1 июлдан йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг янги мезонлари кучга киради. Хусусан, барча тижорат банклари, суғурта ташкилотлари, валюта, фонд ва товар-хомашё биржалари, тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, мобил алоқа операторлари ҳамда йўловчи авиакомпаниялар йирик солиқ тўловчилар сифатида эътироф этилади.
Шунингдек, Олмалиқ КМК, Навоий КМК, Ўзбекистон темир йўллари, Ўзкимёсаноат, Ўзавтосаноат ва Ўзметкомбинат ҳамда уларнинг барча шуба корхоналари ушбу тоифага киритилади.
Бошқа соҳаларда эса камида 100 нафар доимий ходимга эга ҳамда буджетга БҲМнинг 240 минг баравари (98,88 млрд сўм) ва ундан ортиқ миқдорда солиқ, божхона ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширган корхоналар йирик солиқ тўловчилар деб ҳисобланади.
Мазкур талаб қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
- пахта-тўқимачилик кластерлари ва тўқимачилик корхоналари;
- алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва улгуржи дистрибюторлари;
- цемент ва бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари;
- улгуржи ва чакана савдо корхоналари.
Солиқ қўмитаси йирик солиқ тўловчиларни 2026 йилда 1 апрель ҳолатига, кейинги йилларда эса 1 июль ҳолатига кўра буджетга тушумлар ва ходимлар сони асосида аниқлайди. Ушбу тоифага киритилган корхоналарга тегишли хабарнома юборилади, уларнинг рўйхати эса Солиқ қўмитаси сайтида эълон қилинади.
Тадбиркорлар учун солиқ ҳисоботлари соддалаштирилади, айрим текширувлар бекор қилинади
1 июлдан бошлаб солиқ маъмурчилигида бир қатор янги тартиблар жорий этилади. Хусусан, текширувдан олдинги таҳлил натижасида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки асословчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади. Солиқ хавфи ўрта даражада бўлган тадбиркорларга аниқланган хатарлар ҳақида хабарнома юборилади ва камчиликлар бир ой ичида бартараф этилса, солиқ текшируви ўтказилмайди.
Шунингдек, янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига дастлабки олти ой давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни топшириш бўйича хизматлар «Солиқ-сервис» томонидан бепул кўрсатилади. Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ҳам «Солиқ-сервис» тасарруфига ўтказилади.
Бундан ташқари, савдо, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг солиқ ҳисоби ва назорати туман (шаҳар) солиқ инспекциялари томонидан амалга оширилади.
Шу билан бирга, давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган деҳқон бозорлари ҳамда савдо комплекслари балансидаги нотурар жойларни ижарага бериш фақат «Э-аукцион» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади.
Қурилишда параллель қурилиш бекор қилинади
Янги қурилиш объектларида лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларини бир вақтда олиб бориш (параллель қурилиш) амалиёти бекор қилинади. Унинг ўрнига тажриба-синов тариқасида лойиҳани босқичма-босқич тайёрлаш ва ҳар бир босқич бўйича экспертиза ҳамда рўйхатдан ўтказиш якунлангач қурилиш ишларини бошлаш тартиби жорий этилади.
Мазкур механизм тадбиркорларнинг ўз маблағлари ёки тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларга татбиқ этилади. Қурилиш жараёнлари «Қурилишда давлат назорати» электрон платформаси орқали мониторинг қилинади. Шунингдек, айрим давлат харидлари бўйича техник топшириқларни экспертизадан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш «битта ариза — бир тўлов — барча уланиш нуқталари» тамойили асосида амалга оширилади.
Жорий йил якунига қадар Тошкент шаҳрида, 2027 йил якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида электр, газ, сув ва бошқа тармоқлар бўйича мавжуд қувватлар ҳамда уланиш нуқталари ҳақидаги маълумотлар ягона GIS тизимига интеграция қилинади.
Натижада бош режалари рақамлаштирилган ҳудудларда техник шартларни бериш жараёни тўлиқ инсон омилисиз амалга оширилади.
Ишлаб чиқариш босқичма-босқич халқаро стандартларга ўтказилади
1 июлдан тўқимачилик, чарм, мебель, электротехника, автомобилсозлик ва IT соҳаларида ишлаб чиқариш ва хизматлар тўлиқ халқаро стандартлар асосида ташкил этилади.
Шунингдек, техник регламентларнинг иқтисодиёт ва тадбиркорликка таъсирини олдиндан баҳолаш тизими жорий этилиб, уларни ишлаб чиқишнинг янги тартиби йўлга қўйилади.
Халқаро стандартлар қайта кўриб чиқилиб, маънан эскирган ҳамда ўрнини босувчи халқаро стандарт мавжуд бўлган амалдаги стандартлар босқичма-босқич бекор қилинади.
Аҳолига наслдор бузоқлар учун субсидия берилади
2028 йил якунига қадар қатор аграр олийгоҳларда сунъий уруғлантириш бўйича 10 кунлик ўқув курслари ташкил этилади. Ҳар йили камида 1 минг нафар тингловчи ўқитилиб, курсни муваффақиятли тамомлаган ва сертификат олган техник-осименаторларга давлат ҳисобидан зарур жиҳоз ва ускуналар бепул берилади. Шунингдек, ўқув харажатлари учун 2 млн сўмгача компенсация тўланади.
Бундан ташқари, 2030 йил 1 январгача аҳолининг идентификация қилинган сигирларидан олинган наслдор бузоқлар учун субсидия ажратилади. Сунъий уруғлантириш орқали олинган ҳар бир наслдор бузоқ учун 500 минг сўм, эмбрион кўчириб ўтказиш (трансплантация) орқали олинган бузоқ учун эса 700 минг сўм субсидия берилади.
Чорвачилик лойиҳаларига 20 млрд сўмгача имтиёзли кредит ажратилади
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳар йили банкларга 10 йил муддатга йиллик 6% ставкада 1 трлн сўм маблағ жойлаштиради. Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан Халқ банки ва Микрокредитбанкка 10 йил муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 6% ставкада $50 млнгача эквивалентда маблағ ажратилади.
Мазкур ресурслар ҳисобидан тадбиркорларга йиллик 10% ставкада (шундан 4% банк маржаси), 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилгача муддатга кредитлар берилади. Жумладан, чорвачилик мажмуаларини ташкил этиш ва наслдор қорамол хариди учун 5 млрд сўмгача, наслли буқа уруғи етиштирувчи корхоналарни ташкил этиш учун эса 20 млрд сўмгача кредит ажратилади.
Бундан ташқари, чорвачилик йўналишида давлат кафолати остида жалб қилинган халқаро молия институтлари маблағлари ҳам тадбиркорларга йиллик 10% ставкада тақдим этилади. Имтиёзли кредитлаш билан боғлиқ харажатлар Давлат буджети ҳисобидан қопланади.
Қарзларни ундириш ва хатланган мол-мулкни сотиш соддалаштирилади
Суд ва бошқа ваколатли органлар қарорлари асосида давлат даромадига ўтказиладиган автотранспорт воситалари ҳамда кўчмас мулклар давлат ижрочиси қарори билан тўғридан тўғри Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига берилади.
Бош прокуратура, Марказий банк ва Солиқ қўмитаси солиқ қарзлари ҳамда муаммоли кредитларни ундиришда янги тартибни жорий этади.
Унга кўра, мол-мулкларни электрон аукционлар орқали сотиш, айрим ҳолатларда хатлов ва кўздан кечириш ҳужжатларини солиқ органлари ёки банк вакиллари томонидан расмийлаштириш, шунингдек савдолар билан боғлиқ барча ҳужжатларни электрон платформалар орқали юритиш амалиёти йўлга қўйилади.
Ипотека омонатлари тажриба тариқасида жорий этилади
1 июлдан 31 декабргача ипотека омонати механизми тажриба тариқасида жорий этилади.
Унга кўра, ипотека субсидиясини олиш бўйича ижобий хулоса олган фуқаролар банкда махсус ипотека омонати очиши мумкин. Давлат дастлабки бадал учун ажратиладиган субсидияни олдиндан ушбу омонатга ўтказади, банк эса маблағларга бозор ставкасида фоиз ҳисоблайди.
Жамғарилган маблағлар ва фоизлар кейинчалик ипотека кредити бўйича дастлабки бадални шакллантиришга йўналтирилади. Шунингдек, кредит ажратилгач, дастлабки 5 йил давомида фоизларнинг асосий ставкадан юқори қисми давлат томонидан субсидияланади.
Хусусий клиникаларга бюджетдан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилади
Нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси доирасида буджет маблағлари ҳисобидан тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади. Даволаш харажатлари давлат ва хусусий клиникалар учун ягона базавий нархлар асосида қопланади.
Шунингдек, халқаро ёки миллий аккредитациядан ўтган тиббиёт муассасалари билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасида шартнома тузишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги эксперт комиссияси хулосасини олиш талаби бекор қилинади.
Бундан ташқари, ихтисослаштирилган амбулатор хизматлар ва жарроҳлик амалиётлари учун йўлланма бериш тартиби жорий этилади, буджет маблағларини тиббиёт муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, маблағлар касалликлар йўналишлари бўйича режалаштирилади.
Лицензия талаблари бузилганда лицензия фаолиятини фақат тегишли тиббий ихтисослик бўйича тўхтатиб туриш амалиёти жорий этилади. Шунингдек, туғуруқ хизматлари кўрсатувчи муассасаларга бактериологик лаборатория хизматларини аутсорсинг асосида ташкил этишга рухсат берилади.
Рақамли комплаенс дастури ишга туширилади
Рақамли комплаенс ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади ҳамда у қуйидаги имкониятларга эга бўлади:
- Коррупциянинг олдини олиш кластери иштирокчилари ўртасида тезкор маълумот алмашиш;
- давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини Дастурий комплекс билан интеграция қилиш орқали Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ахборот жиҳатдан таъминлаш;
- Дастурий комплекснинг E-Kompleans модулини ишга тушириш орқали коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш.
Хоразмда жамоат транспорти нақд пульсиз тўловларга ўтказилади
Биринчи босқичда вилоятдаги SHI-4, SHI-5, SHI-7, SHI-13, SHI-18, SHI-19 ва SHI-28-сонли автобус йўналишлари ҳамда Т1-сонли Урганч-Хива троллейбус йўналишида тўловлар фақат электрон шаклда қабул қилинади. Қолган йўналишларда эса бу брутто-шартномалар расмийлаштирилганидан кейин босқичма-босқич жорий этилади.
Троллейбусларда йўлкира ҳақи бир йўловчи учун 3 минг сўм этиб белгиланди. Оғирлиги 20 килограммдан ортиқ багажни ташиш учун 4 минг сўм миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.
Маҳаллий ҳокимликлар 1 июлга қадар бекатлар ва уларга яқин ҳудудларда электрон чипта харид қилиш учун инфокиосклар ўрнатиши ва уларни электр тармоқларига улаши керак.
Мудофаа органлари фуқаро ходимларининг иш ҳақи оширилади
Мудофаа ишлари бошқармалари ҳамда туманлар (шаҳарлар) мудофаа ишлари бўлимлари штатидаги фуқаро ходимларнинг (чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик раҳбарларидан ташқари) иш ҳақи 20% га оширилади. Шу билан бирга, уларнинг маоши келаси йилдан яна 50% га кўтарилади.
Бунда фуқаро ходимларнинг тариф ставкалари амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари (ягона тариф сеткаси) бўйича тариф коэффициентларини 10 июндан эътиборан 1,2 бараварга ошириш орқали ҳисобланади.
