Субсидия хабарномасига эга фуқароларга уй-жой сотиб олгунига қадар пулларини банкка қўйиб кўпайтириб олиш имконияти берилади
Банк талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқиб, 3 иш куни ичида у билан ипотека омонати ҳисобварағини очиш бўйича шартнома имзолайди ёки рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабар юборади.
Адлия вазирлиги Мақсадли ипотека омонатини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.
Мазкур ҳужжат билан субсидия хабардорномасига эга фуқаролар томонидан бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиш учун дастлабки бадални шакллантириш мақсадида тижорат банкларида мақсадли ипотека омонати ҳисобварағини очиш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланди.
Унга кўра, талабгор субсидия хабардорномасининг амал қилиш муддати давомида ипотека омонати ҳисобварағини очиш учун банкка ариза билан мурожаат қилади.
Банк талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқиб, 3 иш куни ичида у билан ипотека омонати ҳисобварағини очиш бўйича шартнома имзолайди ёки рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабар юборади.
Талабгор дастлабки бадалнинг ўз маблағи ҳисобидан шакллантириладиган қисмидан кам бўлмаган маблағни ипотека омонати ҳисобварағида жамғаради.
Банк «subsidyplatform.mf.uz» тўлов платформаси орқали дастлабки бадал субсидиясини ипотека омонати ҳисобварағига ўтказиб бериш юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига буюртманома юборади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 5 иш куни ичида дастлабки бадал субсидиясини банк томонидан кўрсатилган омонатчининг ипотека омонати ҳисобварағига ўтказиб беради.
Ипотека омонати ҳисобварағидаги маблағларга ҳисобвараққа маблағ келиб тушган куннинг кейинги кунидан бошлаб, ҳисобварақ ёпилгунига қадар бозор ставкаси асосида фоиз ҳисобланади.
Ипотека кредити ажратиш рад этилган ҳолларда омонатчининг ўз маблағлари ҳисобланган фоизлари билан ўзига, дастлабки бадал субсидияси эса ҳисобланган фоизлари билан Давлат буджетига қайтарилади.
Ипотека кредити ажратилгандан сўнг банк томонидан ипотека омонати ҳисобварағида шаклланган маблағлар, ҳисобланган фоизлар ва ипотека кредити маблағлари квартира сотиб олиш учун қурилиш-пудрат ташкилотига ўтказиб берилади.
Мазкур ҳужжат 2026 йил 1 июлдан кучга киради.
