Марказий банк 14 та банкни жаримага тортди
Ушбу банклар истеъмолчилар билан муносабатларда ошкоралик, шаффофлик, ахборотлар тўлиқлиги ва тўғрилигига оид қонунчилик талабларига риоя этмаган.
2026 йил I чорагида Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бузган 14 та банк ва иккита микромолия ташкилоти жаримага тортилди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Текширувлар давомида Шаффоф-молия ва Tezcoin микромолия ташкилотлари ҳамда Uzum банк фаолиятида қатор камчиликлар аниқланган. Хусусан, улар микроқарз ажратиш, мижозлар мурожаатларини кўриб чиқиш ва ахборот тақдим этиш тартибларини бузган. Натижада Шаффоф-молия 201 миллион сўм, Tezcoin 156 миллион сўм, Uzum банк эса 215,5 миллион сўм жаримага тортилган.
Чорак давомида Ипотека-банк фаолияти бўйича истеъмолчилардан келган шикоятлар ҳам ўрганилган. Жараёнда банк кредит пулларини мижозлар карталаридан белгиланган санадан олдин ва қарздор розилигисиз ечиб олгани аниқланган. Яна шартномаларни расмийлаштиришда қонунчилик талабларига риоя этилмагани кузатилган. Шу сабабли банкка нисбатан 105 миллион сўм жарима қўлланилган.
Марказий банк уч ой ичида банкларнинг ҳудудлардаги филиаллари ва алоҳида бўлинмаларида “сирли мижоз” усулидаги назорат тадбирлари ўтказган. Жараёнда истеъмолчилар билан муносабатларда ошкоралик, шаффофлик, ахборотлар тўлиқлиги ва тўғрилигига оид қонунчилик талабларига риоя этилмагани аниқланган.
Регулятор юқорида қайд этилган қатор қоидабузарликлар сабаб 14 та банкка нисбатан жами 681,5 миллион сўм жарима санкцияси қўллаган. Шундан энг йирик жарималар Агробанк (255 миллион сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанк (119,5 миллион сўм) ҳиссасига тўғри келган.
