Ўзбекистонда 1 фоизлик кешбэкни бекор қилиш таклиф қилинди
Унинг ўрнига чекларни рўйхатдан ўтказган харидорлар ўртасида автомобиль ва саёҳат йўлланмалари каби совринлар ўйналадиган лотерея тизимига ўтиш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистонда амалдаги 1 фоизлик солиқ кешбэки тизимидан босқичма-босқич воз кечиб, манзилли рағбатлантириш механизмларига ўтиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлиллар институти таҳлилида маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда солиқ тизимини рақамлаштириш жараёнида электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн назорат-касса машиналари, товарларни идентификация қилиш ва рақамли маркировкалаш каби воситалар жорий этилган. Кешбэк механизми эса дастлаб харидорларни фискал чек олишга рағбатлантириш ва савдо айланмасини шаффофлаштириш учун йўлга қўйилган.
Институт экспертларига кўра, харидорларда чек олиш одати шакллангач, оммавий пулли рағбатлантиришга бўлган эҳтиёж босқичма-босқич камаяди.
Таҳлилда келтирилишича, кешбэк учун давлат бюджети харажатлари йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилда бу мақсад учун 820 млрд сўм сарфланган бўлса, 2026 йилда харажатлар 1,8 трлн сўмгача етиши прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, 2026 йил май ойида харидорларга жами 146,6 млрд сўм кешбэк тўланган. Шундан 15,7 млрд сўми ёки 10,7 фоизи ТОП-10 савдо тармоғида амалга оширилган харидларга тўғри келган.
Экспертлар фикрича, амалдаги тизимда бюджет маблағларининг бир қисми кешбэк бўлмаган тақдирда ҳам амалга ошириладиган харидларни рағбатлантиришга сарфланмоқда.
Шу сабабли «ҳар бир чек рағбатлантирилади» тамойилидан воз кечиб, «иқтисодиётнинг энг юқори хавфга эга сегментларидаги назорат рағбатлантирилади» тамойилига ўтиш таклиф қилинмоқда.
Янги механизм доирасида солиқ хавфи юқори бўлган соҳаларда, жумладан, умумий овқатланиш корхоналари ва кичик чакана савдо объектларида берилган чекларни рўйхатдан ўтказган харидорлар ўртасида давлат лотереяларини ташкил қилиш таклиф этилмоқда.
Лотереяларда автомобиллар, туристик йўлланмалар ва қиймати 5 млн сўмдан юқори бўлган бошқа совринлар ўйналиши мумкин. Институт ҳисоб-китобларига кўра, бундай тизим учун 100 млрд сўмгача маблағ етарли бўлади ва бу бюджет харажатларини қарийб 20 баробарга қисқартириш имконини беради.
Шу билан бирга, таҳлилда кешбэк тизими солиқ маданиятини шакллантириш, чек олиш одатини ривожлантириш ва яширин иқтисодиётга қарши курашишда муҳим роль ўйнагани таъкидланган. Аммо рақамли солиқ маъмурчилиги ривожланиши фонида тизимни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги қайд этилган.
