2026 йилда қайси давлатларнинг қарзи энг катта бўлади?
Халқаро валюта жамғармасининг 2026 йил учун прогнозларига кўра, давлат қарзи ҳажми бўйича АҚШ дунёда биринчи ўринни сақлаб қолади. Бироқ давлат қарзининг ЯИМга нисбати бўйича Япония етакчилик қилади.
Visual Capitalist томонидан Халқаро валюта жамғармаси прогнозлари асосида тайёрланган рейтингда давлат қарзи энг юқори бўлиши кутилган 30 та мамлакат икки мезон — қарзнинг умумий ҳажми ва унинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбати бўйича таққосланган.
Прогнозларга кўра, 2026 йилда АҚШ давлат қарзи 40,7 триллион долларга етади. Бу кўрсаткич Хитой, Япония, Буюк Британия ва Франция давлат қарзларининг жами ҳажмидан ҳам юқори бўлиб, АҚШни ушбу йўналишда мутлақ етакчига айлантиради.

Шу билан бирга, давлат қарзи иқтисодиёт ҳажмига нисбатан баҳоланганда манзара бошқача кўринади. АҚШда давлат қарзи ЯИМнинг тахминан 126 фоизини ташкил этиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич Япония, Сингапур, Италия ва Грецияникидан паст.
Япония давлат қарзининг ЯИМга нисбати бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаши прогноз қилинган. Мамлакат давлат қарзи иқтисодиёт ҳажмининг 204 фоизидан ошиб кетиши кутилмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни мамлакатнинг ривожланган ички молия бозори ва давлат қарзининг асосан ички инвесторлар томонидан молиялаштирилиши билан изоҳламоқда.
Япониядан кейин Сингапур, Судан (169 фоиз) ва Баҳрайн (152 фоиз) жойлашган. Шу билан бирга, экспертлар давлат қарзининг ЯИМга нисбати мамлакатнинг молиявий барқарорлигини баҳолаш учун ягона мезон эмаслигини таъкидламоқда. Инвесторлар давлат молияси ҳолати, кредит рейтинги, сиёсий барқарорлик ва ташқи молиялаштириш имкониятларини ҳам инобатга олади.
Шу сабабли, давлат қарзи ЯИМнинг 103–106 фоизини ташкил этадиган Боливия ёки Мозамбик каби мамлакатлар халқаро молия бозорларидан қарз жалб қилишда Сингапурга нисбатан кўпроқ қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Европанинг йирик иқтисодиётлари ҳам юқори давлат қарзи билан яшамоқда. Греция ва Италияда давлат қарзи ЯИМнинг 135 фоизидан ошади. Италиянинг умумий давлат қарзи 3,8 триллион доллар атрофида бўлиши кутилмоқда, бу Франция ва Буюк Британияга нисбатан камроқ бўлса-да, мамлакатнинг қарз юки юқорилигича қолмоқда.
Испания давлат қарзи 2026 йилда 2,1 триллион доллар ёки ЯИМнинг тахминан 98 фоизига тенг бўлиши прогноз қилинган. Германия эса Конституцияда белгиланган «қарз тормози» механизми туфайли давлат қарзини нисбатан паст даражада ушлаб туришда давом этади. Мамлакат давлат қарзи 3,5 триллион доллар атрофида бўлиши кутилмоқда, бу Франция, Италия ва Буюк Британияникидан кам ҳисобланади.
