Мол-мулк солиғи бўйича имтиёздан қандай фойдаланиш мумкин
Янги қоидаларга кўра, фуқаролар белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш учун электрон солиқ хизматлари портали ёки ЯИДХП орқали ариза топширишлари керак.
Вазирлар Маҳкамасининг 16.07.2026 йилдаги «Солиққа оид давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш қамрови янада кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 389-сон қарори қабул қилинди.
Ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидагиларни назарда тутади:
- жисмоний шахслар томонидан мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича имтиёзлар олиш учун аризаларни электрон шаклда топшириш;
- солиқ тўловчиларга алоҳида интерактив давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқишда хорижий фуқаролар томонидан илгари сотиб олинган товарлар учун тўланган ҚҚСни нақд пулда қайтариш тартиби;
- ЯИДХП орқали жисмоний шахсларга сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир фоизини қайтариш жорий этилади.
Хусусан, ҳужжат билан 02.04.2022 йилдаги 150-сон ВМҚга жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича имтиёзлар олиш учун электрон мурожаатлар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини белгиловчи қўшимчалар киритилди.
Янги қоидаларга кўра, фуқаролар белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш учун электрон солиқ хизматлари портали ёки ЯИДХП орқали ариза топширишлари мумкин.
Келиб тушган маълумотлар солиқ органининг масъул ходими томонидан 2 иш куни мобайнида идоралараро тизим ва маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда текширилади. Текширув натижаларига кўра имтиёз бериш ёки уни рад этиш тўғрисида хулоса расмийлаштирилади ва 1 иш куни мобайнида ариза берувчининг шахсий кабинетига юборилади.
Рад этилган тақдирда, фуқаро кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.07.2026 йилдан кучга кирди.
