Ўзбекистон автомобиль бозори июнь ойида ўсди — ИТИМ
Ўсишнинг асосий ҳиссасини маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар таъминлади. Уларнинг савдоси 12 фоизга ошиб, 18,8 мингтани ташкил этди.
Июнь ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида фаоллик барча сегментларда ошди, дея маълум қилди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.
Июнь ойида барча турдаги автотранспорт воситалари (енгил автомобиллар ҳам қўшилганда) савдоси 80,2 мингтадан ошиб, май ойига нисбатан 18 фоизга кўпайди. Таққослаш учун, май ойида 68 мингта автомобиль сотилган эди.
Автомобиллар савдоси мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида ўсди. Пасайиш фақат Жиззах вилоятида қайд этилди — у ерда кўрсаткич 2,2 фоизга камайди.
Энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё вилоятида (33,7 фоиз), Хоразм вилоятида (32,6 фоиз), Сирдарё вилоятида (29 фоиз), Самарқанд вилоятида (28,3 фоиз), Қашқадарё вилоятида (26,2 фоиз) ва Андижон вилоятида (26 фоиз) кузатилди.
Тошкентда июнь ойида 17,9 мингта автотранспорт воситаси сотилди. Бу май ойига нисбатан 9 фоизга кўп.
Енгил автомобиллар
Ой давомида енгил автомобиллар савдоси жами 61 400 донани ташкил этди, бу май ойига нисбатан 14% га ко’п. Бироқ, йиллик ҳисобда (2025 йил июнига қадар) улар 23% дан ко’проққа камайди (80 000 тадан).
Янги енгил автомобиллар савдоси июнь ойида 11 фоизга ўсиб, 24 мингтани ташкил қилди. Бироқ йиллик ҳисобда савдо ҳажми камайди — ўтган йилнинг шу даврида 27,7 мингта янги енгил автомобиль сотилган эди.
Ўсишнинг асосий ҳиссасини маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар таъминлади. Уларнинг савдоси 12 фоизга ошиб, 18,8 мингтани ташкил этди. Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси эса қарийб 7 фоизга ўсиб, 5,1 мингтага яқинлашди.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда жами 157 мингта янги енгил автомобиль сотилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоизга кўп.
Иккиламчи бозорда эса июнь ойида 37 мингдан ортиқ енгил автомобиль сотилди. Бир ой ичида ушбу кўрсаткич 16 фоиздан зиёд ўсиб, бирламчи бозор ўсиш суръатларини ортда қолдирди.
Шу тариқа, июнь ойида сотилган енгил автомобилларнинг умумий ҳажмининг қарийб 61 фоизи юрилган автомобиллар ҳиссасига тўғри келди.
Бироқ 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, иккиламчи бозорда савдо қисқарди. Олти ой давомида қарийб 240 мингта юрилган автомобиль сотилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга камдир.
Электромобиллар
Июнь ойида бирламчи ва иккиламчи бозорларда жами 8,4 мингта электромобиль сотилди. Бу май ойига нисбатан 63,5 фоизга кўп.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида электромобиллар савдоси 40 мингтадан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ошди.
Июнь ойида электромобиллар савдоси мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ўсди. Пасайиш фақат Сирдарё вилоятида қайд этилди — у ерда савдо 2,9 фоизга камайди.
Энг юқори ўсиш Жиззах вилоятида кузатилиб, бозор ҳажми икки баробардан ҳам кўпроқ — 101 фоизга ошди. Бухоро вилоятида савдо 64,6 фоизга, Фарғона вилоятида эса 58,5 фоизга кўпайди.
Электромобиллар бозорининг асосий қисми ҳануз Тошкент ҳиссасига тўғри келмоқда. Июнь ойида республика бўйича барча электромобиллар савдосининг қарийб 63 фоизи пойтахтда амалга оширилди. Бир ой ичида Тошкентда электромобиллар савдоси 78 фоизга ошиб, 5,3 мингтани ташкил қилди.
