Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҚҚС ундирмаслик муддати 30 апрелгача узайтирилиши мумкин
ҚҚС имтиёз муддатини узайтириш бўйича қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган.

Ўзбекистонда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) имтиёзи 30 апрелгача узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар берди.
Маълум қилинишича, Солиқ ва Божхона қўмиталари томонидан айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва реализацияси учун 30 апрелгача қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) ҳисобланмаслиги ва ундирилмаслиги мумкин.
Қайд этилишича, айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва реализацияси бўйича белгиланган ҚҚС имтиёз муддати 1 январдан 30 апрелга қадар узайтириш бўйича қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган.
Қонун кучга кириши учун қонун лойиҳаси аввал Қонунчилик палатаси томонидан уч ўқишда қабул қилиниши, сўнгра Сенат томонидан маъқулланиб, Президент томонидан имзоланиши талаб этилади. Шунингдек, бу жараёнга бир мунча вақт кетади.
«Шу билан бирга, аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли қондириш ҳамда ушбу маҳсулотлар нархларини бозорларда барқарор сақлаш ва имкон қадар пасайтириш чораларини тезроқ кўриш муҳим», — деб ёзади депутат.
Шу боис, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Давлат Божхона ва Солиқ қўмиталарига гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка, музлатилган балиқ, кунгабоқар ва соя уруғлари ва ўсимлик ёғи импорти ҳамда уларни ички бозорда реализация қилиш, шунингдек ўсимлик ёғини ишлаб чиқаришда ҚҚС ҳисобланмаслиги ва ундирилмаслигини таъминлаш вазифаси юклатилгани айтилмоқда.
Таъкидланишича, Солиқ кодексининг 483-моддасига тегишли ўзгартиришларни киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилингунча ҳам тадбиркорлар томонидан юқоридаги маҳсулотлар четдан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда ҳамда реализация қилинган ҳолларда улар ҚҚС солиғини ҳисоблаш ва тўлашдан озод этилиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йил учун ҚҚС даромадлари прогноз қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2023 йилдан ҚҚС 12 фоизгача пасайтирилиши хабар қилинди.






