Alibaba акциялари нархи Гонконг фонд биржасида рекорд даражада тушиб кетди
Бу Alibaba акциялари нархининг 2019 йил ноябрида биржага қўйилганидан бери энг катта пасайишидир

Хитойнинг энг йирик онлайн-ритейлери Alibaba акциялари Гонконг фонд биржасида 11 фоизга тушиб кетди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри ёзмоқда.
Маълум қилинишича, бу Alibaba акциялари нархининг 2019 йил ноябрида биржага қўйилганидан бери энг катта пасайишидир. Акция нархларининг пасайиши Alibaba’нинг бозор капиталлашувини 40 миллиард долларга камайтириб, 390 миллиард долларга туширди.
Alibaba акцияларининг рекорд даражада пасайишига унинг учинчи чоракдаги даромадлари сабаб бўлган. Бу эса инвесторларнинг ҳафсаласи пир қилган. Даромад 29 фоизга (31,1 миллиард долларгача) ошганига қарамай, компаниянинг соф фойдаси 87 фоизга камайиб, 524 миллион долларни ташкил қилди.
шунингдек, Alibaba йил давомида даромаднинг 20–23 фоизга ўсишини кутаётганини маълум қилди. Бу таҳлилчиларнинг 28 фоизлик ўсиш прогнозларидан паст эди. Alibaba акцияларининг пасайиши Гонконг фонд биржасининг бутун Hang Seng индексига таъсир кўрсатди, ҳисоботлар эълон қилинганидан кейин индекс 2 фоизга пасайди.
Аввалроқ Alibaba асосчиси, миллиардер Жек Ма Хитойнинг энг бой бизнесменлари рейтингида бешинчи ўринга тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди.






