Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати миллиардернинг синглиси ва Швейцария банкидаги ҳисоб-рақам билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди
Туҳмат маълумотни тарқатганларни жавобгарликка тортиш, жабрланганларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча қонуний чоралар кўрилиши маълум қилинган.

Аввалроқ асли ўзбекистонлик бўлган, Россияда фаолият олиб борувчи тадбиркор Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиеванинг Швейцариянинг Credit Suisse банкидаги пул маблағлари ва шахсий ҳисобрақамлари ҳақидаги маълумот интернетга сиздирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Миллиардер Усмоновнинг матбуот хизмати ушбу хабарлар ва тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
«Баъзи масъулиятсиз оммавий ахборот воситалари OCCRP маълумотларига таяниб, таниқли тадбиркор, молиячи ва меценат Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Бурҳоновна Нарзиеванинг шахсий ҳисобрақамларига қўйилгани айтилаётган катта пул маблағлари ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Саодат Нарзиеванинг маблағлари ва шахсий ҳисобрақамларига оид бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
«Бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди ва Алишер Усмоновнинг обрўсига путур етказиш мақсадида тарқатилмоқда. Маълумотни тарқатганлар ‘қовурилган фактлар’га ҳавола қилиб, журналист этикаси меъёрларини эътиборсиз қолдирган. Ушбу ёлғон маълумотларнинг эълон қилиниши Алишер Усмоновнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказади», дейилади ахборотда.
Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати туҳмат маълумотни тарқатганларни жавобгарликка тортиш, жабрланганларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча қонуний чоралар кўрилишини маълум қилган.






