Alphabet капиталлашуви акциялар бўлиниши ҳақидаги хабарлар фонида деярли 2 трлн долларга ошди
Компания акциялари 9,2 фоизга қимматлашди.

Alphabet капиталлашуви акциялар бўлиниши ҳақидаги хабарлар фонида деярли 2 триллион долларга ошди. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Маълумотларга кўра, Alphabet компанияси даромадларнинг ўсиши ҳақида хабар бериб, акцияларни 20 га 1 шаклида бўлиш режаларини эълон қилганидан кейин компаниянинг бозор қиймати қарийб 2 триллион долларни ташкил этган. IT-гигантининг акциялари 9,2 фоизга ошган.
Таъкидланишича, 24 ноябрдан бери Google акциялари 18 фоизга қимматлашган. Бу ноябрь ойидаги энг юқори кўрсаткичдан 1 фоизга пасайган.
Google қидирув хизматининг даромади 36 фоизга ошиб, 43,3 миллиард долларни ташкил этган. Ҳар бир акция учун соф фойда 30,69 долларга етган, таҳлилчилар эса ҳар бир акция учун 27,99 доллар кутаётган эди. Компания, шунингдек, барча асосий йўналишларда — реклама (+32,6 фоиз), Google Cloud (+44,6 фоиз) бўйича кучли ўсишни кўрсатган.
Alphabet раҳбарияти акцияларни 20:1 нисбатда тақсимлаш режалари билан ўртоқлашган. Компания A, B, C, тоифаларидаги акцияларни бўлиб, инвесторларга ўзларига тегишли 19 та қўшимча акцияларни бермоқчи. Ўзгаришлар кучга кириши учун акциядорнинг розилиги талаб қилинади. Инвесторлар 2022 йил июль ойи ўрталарида қўшимча қимматли қоғозларни олишлари мумкин бўлади. Google ўз акцияларини 2014 йилда бўлиб ташлаган эди, аммо бўлиниш 2:1 шаклида амалга оширилган.
Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин B тоифали акцияларнинг 83 фоизини, шунингдек, C тоифасининг 12 фоизини назорат қилади. Иккинчиси овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Google ушбу тузилмани 2012 йилда жорий қилган: А тоифали акциялар — ҳар бир акция учун 1 овоз, B — таъсисчилар ва дастлабки инвесторларга тегишли ва 10 та овозга эга, C — овоз бериш ҳуқуқисиз.
«Даромадлар эълон қилингандан сўнг акциялар ҳар бир акция учун 3000 долларгача кўтарилганда, 20 га 1 бўлиниш Alphabet нархини ҳар бир акция учун 150 долларгача тушириши мумкин. Бу бутун компаниянинг ички қийматига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, чунки акциядорлар шунчаки 20 баравар кўпроқ акцияларга эга бўлади», дейилади NASDAQ баёнотида.
Аввалроқ 2021 йилда Microsoft, Amazon ва Alphabet’нинг харидлари рекорд даражага етгани хабар қилинганди.






