Амударё ва Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари камайиши мумкин
Глобал иқлим ўзгариши оқибатида охирги 50–60 йил ичида музликлар майдони тахминан 30 фоизга камайди
Сув ресурслари 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов ва Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори Абдушукур Ҳамзаев иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, глобал иқлим ўзгариши оқибатида охирги 50–60 йил ичида музликлар майдони тахминан 30 фоизга камайди. 2050 йилгача сув ресурсларини Сирдарё хавзасида 5 фоизгача ва Амударё хавзасида 15 фоизгача камайишиш кутилмоқда.
«Глобал иқлим ўзгариши энг жиддий ўзгаришлардан биридир, дунёнинг барча давлатларини қамраб олган бугунги кун муаммолари, барқарор ривожланиш йўлидаги муҳим тўсиққа айланди», — дейди Борий Алихонов.
Қайд этилишича, Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини ҳис қилмоқда. Жаҳон банки экспертларининг фикрича, агар ХХI аср охиригача ҳозирги суръатлар сақлаб қолинса, дунёдаги ўртача харорат 4 даражага, Марказий Осиё давлатларида эса 7 даражагача кўтарилиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистондаги ГЭСларда сув танқислиги сабаб электр токи ишлаб чиқариш ҳажми камайгани ҳақида хабар берилганди.