Anorbank мижозларни чалғитувчи маълумотлар тарқатган ОАВларга чора кўришни сўрамоқда
Банк мижозлар мажбуриятларни бажаришни истамаган тақдирда шартномани бекор қилиши ва кредитни муддатилан олдин тўлаши мумкинлиги ҳақида эслатма бермоқда

Anorbank расмий сайтида эълон қилинган муносабатда, баъзи ОАВлар томонидан банкга қарши режалаштирилган ахборот ҳужуми уюштирилишига қонуний чоралар кўришни талаб қилмоқда.
Банк маъмуриятига кўра, Anorbank’га қарши режалаштирилган ахборот ҳужуми ҳақида очиқ хатда айрим ОАВлар ва тармоқлардаги баъзи саҳифаларда банкнинг ишбилармонлик обрўсига путур етказувчи ва банк мижозларини чалғитувчи маълумотлар тарқатилган.
«Масъулият билан билдирамизки, банк аввал эълон қилинган очиқ хатда таъкидланганидек, ўзига қарши содир этилган хатти-ҳаракатлар тафсилотларини ўрганиб чиқиб, ўзининг ишчанлик обрўсини, шунингдек, акциядорларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳуқуқий майдонда барча қонуний чоралар билан ҳимоя қилиш ҳаракатларига киришган. Банкга режалаштирилган ахборот ҳужуми тафсилотларини ўрганиш жараёнида оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган Sof.uz сайти жорий йилнинг 14 октябрь куни “Anorbank’нинг ‘молиявий фокуслари’ мижозларни нега ғазаблантирди?” кўрсатуви чиққиши ҳақида ўзининг расмий Telegram каналида “Сиз кутган дақиқаларда кутилмаган ошкораликлар” сўзлари билан 01:16 дақиқалик қисқа эълонни жойлаштиргани маълум бўлди», — дейилади банк мурожаатида.
Банкка кўра, блогерлар ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифа эгалари ҳам Sof.uz томонидан тарқатилган эълонни ўз саҳифаларида жойлаштириб, баъзи блогерлар ушбу эълонни тарқатишда банкнинг ишбилармонлик обрўсига путур етказиб, уни жиноятда айблаб, маҳаллийчиликни қўзғатувчи матнлар билан эълон қилган. Шунингдек, банк ўзаро боғлиқ бўлган бир қанча ОАВлар, блогерлар ва Telegram каналлар томонидан банк мижозлари ўртасида банк тўғрисида нотўғри тасаввур ҳосил қилиш мақсадида пухта ўйланган режа асосида қасддан бузиб кўрсатилган, асоссиз ва қалбакилаштирилган маълумотлар тарқатилганини маълум қилган.
Anorbank’ка кўра, ижтимоий тармоқларга Sof.uz нашри томонидан жойлаштирилган журналистик суриштирув қуйидаги қонунбузарликларга йўл қўйган:
- кўрсатув нохолис ва бир ёқлама олиб борилган журналистик текширувига асосланган;
- кўрсатувда сўзга чиққан мижозлар томонидан банк номига билдирилган айбловлар бўйича журналист банкдан расмий тушунтириш олмаган;
- валюта операцияларини тартибга солувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролларини молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги халқаро шартномалар ва миллий қонунчилик талаблари инобатга олинмаган;
- мухбир ва бошловчилар томонидан суҳбатдошларга йўналтирувчи саволлар берилган;
- мамлакатнинг бир вилоят аҳолисини бошқа вилоят аҳолисига нисбатан адоватини қўзғатиш оҳанги мавжуд фикрлари билдирилган;
- кўрсатув бевосита конструктив диалог шаклида эмас, балки банкнинг ишчанлик обрўсини бадном қилишга қаратилган.
Шунингдек, кўрсатув жараёнида бошловчи икки нафар мижоз билан онлайн мулоқот ўрнатиб, банк томонидан ушбу мижозларнинг валюта маблағлари асоссиз равишда уларнинг ҳисобига ўтказилмасдан, ушлаб турилган деган мазмун берилган, бошловчи банк орқали қандай турдаги операцияни амалга ошириш ниятида бўлганликларини очиқламай, мижозлар ҳам унга тўхтатмаганини маълум қилган.
«Агар Sof.uz томонидан холис журналист текшируви олиб борилиб, банкдан ушбу ҳолат ҳақида тушунтириш олинганда, ушбу мижозлар баён этган ҳолатларда банкнинг айби мавжуд эмаслигини, аксинча мижозлар томонидан юқори хатарли шубҳали операциялар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин эди», — дейилади банк мурожаатида.






