Apple раҳбари Хитой билан махфий битим имзолагани маълум бўлди
Тим Кук Хитой иқтисодиётига 275 миллиард доллар сармоя киритишни таклиф қилган.

Apple бош директори Тим Кук 2016 йилда Пекинга қилган биринчи шахсий ташрифлари чоғида расмийлар билан беш йиллик яширин келишувга эришгани маълум бўлди. Икки томонлама шартномалар Apple’га қарши маҳаллий тартибга солиш органлари фаоллигининг кучайиши фонида тузилган. Бу ҳақда The Information компаниянинг ички ҳужжатларига таяниб, ёзмоқда.
Қайд этилишича, ўшанда Хитой расмийлари Apple маҳаллий иқтисодиётга етарлича ҳисса қўшмаяпти, деб ҳисоблаган. Кейин Кук Хитой ҳукуматига мамлакат иқтисодиётига 275 миллиард доллар сармоя киритиш мақсадида беш йилга шартнома имзолашни таклиф қилган.
Маълум бўлишича, Америка компанияси Хитойга илғор технологияларни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ва маҳаллий таълим муассасалари билан янги технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилишда ёрдам беришга ваъда берган. Бундан ташқари, компания ўз қурилмалари учун Хитойда ишлаб чиқарилган компонентлардан кўпроқ фойдаланиш мажбуриятини олган.
Жумладан, 2016 йилда Apple Хитойнинг Didi такси хизматига 1 миллиард доллар сармоя киритган. Шартнома шартларига кўра, уни 2022 йилнинг майигача узайтиришга рухсат берилган. Агентлик маълумотларига кўра, Apple Хитойда ўз хизматлари ва қурилмалари фаолиятига чекловлар қўйилишидан чўчиган.
Аввалроқ 2021 йил сентябрь ва октябрь ойларида Apple Хитойда юзага келган етказиб бериш занжири муаммолари ва электр таъминотидаги чекловлар туфайли iPhone 13’ни режалаштирилганидан 20 фоиз камроқ ишлаб чиқаргани хабар қилинганди.






