Apple ва Хитой ўртасидаги махфий битим, «Қўйлиқ»нинг кейинги манзили ҳамда меҳнат муҳожирларининг ўртача ойлиги — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2021 йилнинг 9 декабрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Apple ва Хитой ўртасидаги махфий битим
Apple бош директори Тим Кук 2016 йилда Пекинга қилган биринчи шахсий ташрифлари чоғида расмийлар билан беш йиллик яширин келишувга эришгани маълум бўлди. Икки томонлама шартномалар Apple’га қарши маҳаллий тартибга солиш органлари фаоллигининг кучайиши фонида тузилган.
Ўшанда Хитой расмийлари Apple маҳаллий иқтисодиётга етарлича ҳисса қўшмаяпти, деб ҳисоблаган. Кейин Кук Хитой ҳукуматига мамлакат иқтисодиётига 275 миллиард доллар сармоя киритиш мақсадида беш йилга шартнома имзолашни таклиф қилган.
Маълум бўлишича, Америка компанияси Хитойга илғор технологияларни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ва маҳаллий таълим муассасалари билан янги технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилишда ёрдам беришга ваъда берган. Бундан ташқари, компания ўз қурилмалари учун Хитойда ишлаб чиқарилган компонентлардан кўпроқ фойдаланиш мажбуриятини олган.
Жумладан, 2016 йилда Apple Хитойнинг Didi такси хизматига 1 миллиард доллар сармоя киритган. Шартнома шартларига кўра, уни 2022 йилнинг майигача узайтиришга рухсат берилган. Агентлик маълумотларига кўра, Apple Хитойда ўз хизматлари ва қурилмалари фаолиятига чекловлар қўйилишидан чўчиган.
«Қўйлиқ»нинг кейинги манзили
Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозори Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Мехнатобод кўчасида жойлашган «FOODCITY» савдо марказига кўчирилади.
Маълум бўлишича, «Қўйлиқ» бозорида озиқ-овқат савдоси билан шуғулланган тадбиркорлар марказ ҳудудига ўзлари хоҳлаб мурожаат қилган. Бундан ташқари, савдо марказининг веб саҳифасидаги номланиши ҳам «FOODCITY янги Қўйлиқ деҳқон бозори»га ўзгартирилган.
Савдо маркази Қўйлик бозорининг ҳозирги жойидан 6,5 км узоқликда жойлашган. Энг яқин метро Қўйлик 7-бекат ҳисобланади. У ерга шунингдек, 12, 15, 45, 54, 68, 81, 93, 110, 117, 119, 122, 130, 145, 183, 185 автобус йўналишлари ҳам қатнайди.
Қайд этилишича, марказда айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи ва чакана сотиш учун савдо бозорлари барпо этилган.
Савдо маркази 84 та футбол майдони тенг ҳудудда жойлашган бўлиб, унда 2500 дўкон ва савдо расталари, 2500 та автомобиль учун автотураргоҳ мавжуд.
Ўзбекистон сўми қанчага қадрсизланди?
Ўзбекистонда сўм алмашув курси девальвация суръатлари бироз тезлашди ва йил бошидан 3 фоизга қадрсизланди. Январь-ноябрь ойлари давомида сўм алмашув курси 10449-10787 сўм/АҚШ доллари оралиғида тебранди. Бунда, ноябрь ойида ташқи шароитлар ўзгаришига жавобан сўм алмашув курси девальвация суръатлари бироз тезлашди ва йил бошидан 3 фоизга қадрсизланди.
«Йил бошидан бошлаб ташқи иқтисодий шароитлар асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархининг сезиларли қимматлашиши фонида инфляцион жараёнларнинг тезлашиши ҳамда бунга жавобан кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши шароитида шаклланмоқда», дейилади Марказий банк хабарида.
Ўзбекистонга хориждан ўтказилган пуллар
Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори 7,3 миллиард долларга етди.
Марказий банк маълумотларига кўра, республикага кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 11 ойда 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга ўсиб, 7,3 миллиард долларга етган ва аҳолининг истеъмол талабини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлиб ҳисобланмоқда.
Хабар қилинишича, банклараро пул бозоридаги вазият нисбатан қатъий пул-кредит шароитларига мос тарзда шаклланмоқда. Бунда, қисқа муддатли ресурслар сегментида ўртача фоиз ставкалар ноябрь ойи якунлари бўйича 13 фоизни ташкил этиб, инфляцияга нисбатан 2,4 фоизлик реал ижобий даражада бўлган.
Бундан ташқари, банкларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари октябрь ойида бироз пасаювчи динамика ҳосил қилган. Жумладан, жисмоний шахслар учун 19,6 фоиз, юридик шахслар учун 15,1 фоиз даражасида шаклланиб, мос равишда 8,1 фоиз ва 4,1 фоизлик реал ижобий ставкалар қайд этилган.
Шунингдек, ушбу кўрсаткичлар, ўз навбатида, январь-ноябрь ойларида миллий валютадаги жами муддатли депозитлар ҳажмининг 42 фоизга, шундан, аҳоли депозитлари ҳажмининг 63,3 фоизга ўсишига хизмат қилган.
Зафар Ҳошимовнинг муваффақиятсиз бизнеси
Такси хизматидан фойдаланиш маданиятига ижобий таъсир кўрсата олган ва 6 йил давомида стандартларни ушлашга ҳаракат қилган «CityTaxi» лойиҳаси нега ананавий киракашлар билан рақобат қила олмади? Унинг яратилиш тарихи қандай? Омадсизликка учрашига нима сабаб бўлган? Тадбиркор Зафар Ҳошимов Ular YouTube каналига берган интервьюсида бу ҳақда батафсил гапириб берди.
«CityTaxi»гача
Тадбиркор бу лойиҳани дастурчи Акмал Файзиев билан ҳамкорликда бошлаган. Яъни лойиҳа бошқарувчиси Акмал Файзиев, молиялаштирувчи эса Зафар Ҳошимов бўлган. Тадбиркорнинг таъкидлашича, «CityTaxi» лойиҳасигача улар биргаликда Ўзбекистонда биринчи бўлиб рақамли картани — навигация тизимини йўлга қўйган:
«У пайтлар картография махфий, энди Google харита такомиллашаётган давр эди. Рухсат олиш жуда ҳам қийин бўлган. 1 йилча ҳужжатлар ташиб, Ўзбекистонда картографияда хизмат кўрсатадиган биринчи хусусий корхона лицензиясини олганмиз».
Лойиҳанинг яратилиши
Зафар Ҳошимов Ҳиндистонннинг Ҳайдаробод шаҳрида бўлиб ўтган жуда катта АТ кўргазмасида Акмал Файзиев билан иштирок этганини, такси хизмати бўйича ғоя ҳам шу ерда яратилганини айтди:
«Биз у ерда фақат тук-тукларда (маҳаллий транспорт — таҳр.) юрдик. Ўша ерда биз Ўзбекистонда яхши бир тизимли такси хизмати йўқлигини муҳокама қилдик. Шундан сўнг қайтиб, секин-секин «CityTaxi»ни яратдик. 100 та Lacetti русумли автомобиль олиб, ишга туширдик. Карта бор, трекер бор. Энди «CityTaxi»ларимизни чақирадиган илова қиламиз, дедик. Бунинг устида Акмал ишлади. Ва «MyTaxi» шу тариқа яратилди. Илова шунақа яхши эдики, фақат бизнинг таксилар учун эмас, ҳамма учун ҳам хизмат қилишини истадик».
«CityTaxi»нинг омадсизликка учраши сабаби
Зафар Ҳошимов бу лойиҳанинг ёпилишига сабаб қилиб анъанавиий киракашлар билан рақобат қила олмаганини айтди:
«Хусусий «киракаш»ликка нисбатан ҳеч қанақа тизим туриб беролмас экан. Чунки таксида юриш нархи жуда ҳам паст. Қанақасига бундай бўляпти, деб ҳайрон бўлар эдим. Чунки такси қилиб, машинани нархини қилиб, 5-10 йил ишлаб, машинанинг амортизациясини еб бўган бўлади. Биз уни тўғри ташкил қиламиз деганимиз учун рақобатбардош бўла олмадик. «CityTaxi» айнан «MyTaxi» билан ишламаган ягона компания эди. Чунки биз «MyTaxi»га алгоритмимиз билан сиға олмаётган эдик. Шунинг учун «CityTaxi» юридик шахсларга, катта корхона, корпорацияларга — нақдсиз тўлов қилинадига ягона такси компанияси сифатида иш кўрсатиб юрди. Ва охир-оқибат фойда қилмагач ёпилди».
Меҳнат муҳожирларининг ўртача ойлиги
Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ўртача маоши ойига 47,1 минг рубль ёки тахминан 6,8 миллион сўмни ташкил этади. Бироқ мигрантлар ойига 77 минг рубль ёки 11 миллион сўм атрофида маош олишни истайди.
Россия мигрантлари федерацияси президенти Вадим Коженовнинг сўзларига кўра, мутахассислар 2021 йил давомида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган жами 4739 нафар муҳожирлар билан суҳбатлашиб, тадқиқот ўтказган. Таҳлил натижаларига кўра, Россияга янги келган муҳожирлар ўртача 77,2 минг рубль даромад олишни хоҳлашлари маълум бўлган.
Шунингдек, рус тилини ёмон билганлар 37 минг рубль, яхши билганлар эса 49 минг рубль олиши қайд этилган.
Муҳожирларнинг 54,4 фоизи ватанида маош пастлиги, 30,5 фоизи ўз мамлакатида иш йўқлиги, 18 фоизи эса умуман турмуш даражаси пастлигидан шикоят қилган.
Коженовнинг таъкидлашича, сўровномада қатнашган муҳожирларнинг 27,5 фоизи кунига саккиз соатдан ўн соатгача, 22 фоиздан камроғи саккиз соат ёки ундан кам вақт ишлайди.
Қайта очилган Самарқанд аэропорти
Самарқанд халқаро аэропорти 10 декабрдан минтақавий ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатишни бошлайди. Айни пайтда янги аэродром мажмуаси қурилиши тўлиқ якунланган. Унинг таркибида узунлиги 3105 метр ва эни 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги ҳамда 24 та самолёт стендлари учун перрон мавжуд.
Шунингдек, аэродром мажмуасида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг иккинчи тоифасига мос келадиган замонавий энергия тежовчи ёруғлик сигнализация ускуналари ва қўниш тизими ўрнатилган.
Хабарга кўра, аэровокзал мажмуаси қурилиши давом этмоқда.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






