«АҚШ амалда Россия билан иқтисодий уруш олиб бормоқда» — Песков
Путиннинг матбуот котиби Россия санкцияларга жавобан ўз манфаатларига мос келадиган чораларни кўришини маълум қилди.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ амалда Россия билан иқтисодий уруш олиб бораётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Маълум қилинишича, Песковдан Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланднинг АҚШ Владимир Путиннинг «стратегик мағлубияти»ни ўз мақсади сифатида кўраётгани ҳақидаги баёнотига изоҳ бериш сўралган. Буни Россияга иқтисодий уруш эълон қилиш деб ҳисоблаш мумкинми, деган саволга Кремль вакили ижобий жавоб берган.
«АҚШ, шубҳасиз, Россияга иқтисодий уруш эълон қилди ва улар бу урушни олиб бормоқда. Ҳа, де-факто шундай», — деди Песков.
Песков, шунингдек, Ғарб давлатлари санкцияларни кенгайтиришда давом этаётганини ҳисобга олиб, бу урушда ютқазмаслик учун Россияда қандай имкониятлар борлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.
«Россия АҚШ санкцияларига жавобан ўз манфаатларига мос келадиган чораларни кўради», — деди Песков.
Аввалроқ Россияда доллар ва евро курслари тарихий максимумни янгилагани хабар қилинганди. Шунингдек, АҚШ сенаторлари Россия захираларидаги олтин билан операцияларни тақиқлашни таклиф қилгани ҳақида хабар берилди.






