Баҳсли газ қувури: Буюк Британия Европани «Шимолий оқим-2»га қарши бирлашишга чақирди
«Газпром» «Шимолий оқим-2»ни ишга туширишга тайёрлигини эълон қилган

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс Лондон NATO саммитида «ХХI аср агрессия усуллари»га қарши чиқишни таклиф қилишини айтди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Трасс Европани Буюк Британия билан ҳамфикр бўлиш ва «Шимолий оқим-2»га қарши биргаликда туришга чақирди.
«Мен бутун европалик дўстлар бизга қўшилишларини истайман. Бу, масалан, ‘Шимолий оқим-2’ газ қувури қурилишига қарши туришни англатади», — деб ёзди Трасс The Sunday Telegraph нашрида эълон қилинган мақоласида.
Буюк Британия масъулининг фикрича, қувур «Россияга ўз газига қарам бўлган давлатлар устидан назоратни кучайтиришга имкон бериб, Европа хавфсизлигига путур етказиш мумкин». Вазирининг сўзларига кўра, пандемия «ишончсиз ҳамкорларга стратегик қарамликдан сақлайдиган» «хилма-хил таъминот занжирларига» эга бўлиш муҳимлигини кўрсатган.
Бундан ташқари, Трасс Россияни Беларусь-Польша чегарасидаги миграция инқирози учун жавобгар деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Москва Минскка босим ўтказиши керак.
Маълумот учун, «Газпром» «Шимолий оқим-2»ни ишга туширишга тайёрлигини эълон қилди. Германия Федерал тармоқ агентлиги сертификатлаштириш қарори лойиҳасини 8 январгача эълон қилиши керак. Шундан сўнг Европа Иттифоқига хулоса чиқариш учун 2 ой вақт берилади.
Аввалроқ Қозоғистон Россия орқали Украинага кўмир етказиб беришда айрим чекловлар борлигини тан олганди.






