«Барча давлат ташкилотларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилади» — Президент
Янги тизим орқали ҳар йили 3 минг нафар талаба банд қилинади.

Ўзбекистондаги барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселекторда маълум қилинди.
Қайд этилишича, олийгоҳлар атрофидаги мактаб ва боғчаларда 13 минг вакант иш ўринлари мавжуд. Камида 10 минг нафар талабани улар учун жойлашуви қулай бўлган мактаб ва боғчаларга ишга жойлаштириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга давлат корхоналаридаги вакансиялар бўйича ҳар чоракда талабалар ўртасида танловлар эълон қилиб бориш топширилди.
«Умуман, ҳар бир тармоқ раҳбари ўз соҳасидаги олийгоҳлар билан тизимли ишлаб, салоҳиятли талабаларни танлаб бориши керак.
Масалан, Марказий банк ҳар йили 3-4 курс талабалари ўртасида танловлар эълон қилиб, 60 нафар талабани ҳақ тўланадиган стажировкага жалб қилиш тизимини йўлга қўйган. Стажировка якунида энг яхши талабаларга доимий иш таклиф қилинади», — дейилади хабарда.
Худди шундай ишларни Иқтисодиёт, Молия, Қурилиш, Энергетика, Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари, солиқ, кадастр идоралари тизимли ташкил этиши шарт этиб белгиланди.
Ушбу янги тизим орқали ҳар йили 3 минг нафар талаба банд қилинади.






