«Барчаси шаффоф ўтказилганида кескин муносабат ҳам бўлмас эди» — Темур Саъдий
Дизайнер сўм рамзи нега танқидларга учраганини тушунтириб берди.
Дизайнер, Ma’no Branding компанияси асосчиларидан бири Темур Саъдий танловда ғолиб бўлган сўм рамзи танқидларга учрагани бўйича фикр билдирди. Мутахассис бу ҳақда Bugun.uz нашрига берган интервьюсида гапириб ўтди.
Маълумот учун, сўм рамзи бўйича ўтказилган танловга келиб тушган лойиҳалар якуний босқичда Марказий банк, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари томонидан баҳоланган.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов ишларини қуйидаги мезонларга мувофиқ баҳолаган:
- ўзига хослик (уникал) ва оригиналлик;
- универсаллик;
- осон таниб олиниши;
- рамзий ва фарқли жиҳатлари;
- сўм рамзининг турли форматларда график қўлланилишининг қулайлиги.
Темур Саъдийнинг фикрича, танлов етарлича шаффоф тарзда ўтказилганида бу даражада кескин муҳокамаларга сабаб бўлмасди.
«Бу таркибга яна шрифт дизайнерларини қўшиш керак. Чунки рамзни ишлатганингизда, биринчи навбатда, у қулай бўлиши керак. Қолган нарсалар эса шундан келиб чиқади. Бу вазифани бажариш учун шрифт усталари керак. Шу сабабли, баҳоловчилар таркибига шрифт дизайнерлари ва оддий дизайнерлар етишмаган.
Кейин Бадиий академия бўладими, институт бўладими, бу ташкилотлардан ким келган? Ўқитувчилар келганми, ректор келганми? Аниқ номлар керак. Чунки шунга қараб бу одам профессионал ёки йўқлигини дарров тушунса бўлади», — дейди у.
Темур Саъдий сўм рамзи плагиатлиги айтилаётгани бўйича ҳам фикр билдирди.
«Масалан, ҳозир интернетга қарасангиз, ҳамма бу плагиат, деб гапиряпти. Ҳакамлар таркибига қарасангиз, у ерда Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари бор. Улар қандай вазифани бажарган? Бу бўйича тушунтириш берилмаган.
Асосий муаммо ҳам шунда. Агар барча нарса шаффоф тарзда ўтказилиб, ким нима иш бажаргани, қандай йўналишда қандай баҳолар қўйгани очиқ кўрсатилганида, бунақа кескин муносабат ҳам бўлмас эди», — дейди дизайнер.
Суҳбатни тўлиқ мана бу ҳавола орқали томоша қилиш мумкин.