Билл Гейтс коронавирусдан ўлим даражаси қачон пасайишини айтди
Миллиардернинг таъкидлашича, коронавируснинг янада хавфли варианти пайдо бўлмаса, шундай сценарий содир бўлиши эҳтимоли катта

Коронавирусдан касалланиш ва ўлим даражаси 2022 йилнинг ўрталарига келиб мавсумий гриппдан касалланиш ва ўлим даражасидан пастга тушиши мумкин. Бу ҳақда миллиардер Билл Гейтс Bloomberg New Economy Forum тадбирида айтиб ўтди.
Миллиардернинг таъкидлашича, коронавируснинг янада хавфли варианти пайдо бўлмаса, шундай сценарий содир бўлиши эҳтимоли катта. Унинг сўзларига кўра, вакциналар етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш ва коронавирусга қарши янги дори воситаларини жорий этиш туфайли ўлим даражаси камайиши мумкин.
«Бироқ Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубида вакциналарга бўлган талаб қандай бўлиши номаълумлигича қолмоқда», — дейди миллиардер.
Гейтс, шунингдек, дунё бўлажак пандемия таҳдидларини камайтириш учун гриппни йўқ қилишга ҳаракат қилиши керак, деб ҳисоблайди.
Билл Гейтс 18 ноябрь ҳолатига кўра, дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Реал вақт режимида янгиланадиган Forbes Real-Time рейтинги маълумотларига кўра, унинг бойлиги 138,8 миллиард долларга баҳоланган.
Аввалроқ Билл Гейтснинг ядровий стартапи асосида 4 миллиард долларлик АЭС қурилиши маълум қилинганди.






