Биржа фондларига маблағлар оқими биринчи марта 1 трлн доллардан ошди
Маблағларнинг катта қисми Vanguard, BlackRock ва State Street инвестиция компаниялари томонидан бошқариладиган Америка индекс фондларига йўналтирилган.

Бутун дунё бўйлаб 2021 йилда биржа фондларига (ETF) маблағлар оқими рекорд даражага етди. Бу ҳақда The Wall Street Journal Morningstar таҳлилий компанияси маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Уларнинг сўзларига кўра, ноябрь ойи охирига келиб бундай фондларга киритилган инвестициялар биринчи марта 1 триллион доллардан ошди. Таққослаш учун, бутун ўтган йил давомида ETF’ларга глобал инвестициялар 735,7 миллиард долларни ташкил этди.
Пул оқими ва фонд бозорининг умумий ўсиши туфайли биржа фондларининг активлари 2021 йилда қарийб 9,5 триллион долларга етди, бу 2018 йил якунидаги қийматдан икки баравар кўп.
Нашр маълумотларига кўра, маблағларнинг катта қисми Vanguard, BlackRock ва State Street инвестиция компаниялари томонидан бошқариладиган Америка индекс фондларига йўналтирилган. Уларнинг учтаси АҚШдаги барча ETF активларининг 75 фоиздан ортиғини назорат қилади.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, биржа фондларига қизиқиш қимматли қоғозлар бозорларининг ўсиши ортидан ва 500 та энг йирик Америка компаниялари акцияларини бирлаштирган СS&P 500 индексининг 25 фоизга ўсиши туфайли ортиб бормоқда.
Аввалроқ декабрь ойининг илк ҳафтасида фонд бозорига тушган пул оқими 2017 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етгани ҳақида хабар берилганди.






