Бизнесни тушунмайдиган Салимбой, сотилаётган бозорлар ва блокланиб-очилган ижтимоий тармоқлар — ҳафта дайжести
Kommers.uz ҳафтанинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади

Яна бир ҳафта (1–7 ноябрь) ўз якунига етиб бормоқда. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдони қайноқ янгиликларга тўла бўлди. «Kommers.uz» улардан энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Инфляциянинг йиллик нисбати
Ўзбекистонда инфляция октябрь ойида йиллик нисбатда 10,6 фоизни ташкил қилди. Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг октябрь ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,9 фоизга ошган. Ушбу даврда ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 1,1 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар нархлари 0,5 фоизга кўтарилган.
Илон Маск Tesla акцияларини сотишга тайёр
Дунёнинг энг бой одами, америкалик миллиардер Илон Маск 6 миллиард доллар хайрия бутун дунё очлик муаммосини ҳал қилиши мумкинлигига шубҳа қилди.
У БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) вакилларидан буни қандай амалга ошириш мумкинлигини тушунтиришни сўради. Маск ўз сўровини Twitter’га жойлаштирди ва ишончли жавоб бўлса, ўзининг Tesla’даги акцияларини сотишга ваъда берди.
«Агар WFP ушбу Twitter саҳифасида 6 миллиард доллар дунёдаги очликни қандай ҳал қилишини аниқ тасвирлаб бера олса, мен ҳозироқ Tesla акцияларини сотаман ва буни амалга ошираман», — деб ёзган Маск.
WFP бош директори Девид Бисли 27 октябрь куни CNN телеканалида миллиардерлар Илон Маск ва Жефф Безосни 6 миллиард доллар хайрия қилиш учун «бир марталик қадам ташлашга» чақирди. Бислининг сўзларига кўра, бундай хайрия «уларга етиб бормаса, том маънода ўладиган» 42 миллион одамни қутқариши мумкин.
Россиянинг энг катта олтин қазиб олувчиларидан бирини сотиб олаётган асли бухоролик миллиардер
Асли ўзбекистонлик миллиардер Искандар Маҳмудов Россиянинг энг катта олтин қазиб олувчиларидан бири «Высочайший» (GV Gold)ни сотиб олади.
Қайд этилишича, миллиардерлар Искандар Маҳмудов, Андрей Бокарев ва Андрей Козицин бошқарувидаги Урал кон-металлургия компанияси Россиядаги энг йирик олтин қазиб олувчилардан бири «Высочайший»ни сотиб олиш учун ариза берган.
Маълумот учун, Искандар Маҳмудов 1963 йил Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида туғилган. Асли ўзбек бўлган россиялик тадбиркор Урал кон-металлургия компанияси асосчиси ва президенти ҳисобланади.
Forbes журнали томонидан 2021 йил апрель ойида чоп этилган Россиядаги энг бадавлат тадбиркорлар рейтингида Искандар Маҳмудов 9,7 миллиард доллар бойлиги билан 19-ўринни эгаллаган.
Тошкентдаги сотилаётган бозорлар
Тошкент шаҳридаги бир нечта бозорлар сотувга қўйилади. Улар қаторида Паркент универсал савдо комплекси, Янгиобод ихтисослашган бозори, Қорақамиш деҳқон бозори, Юнусобод деҳқон бозори, Ўрикзор савдо комплекси, Қўйлиқ деҳқон бозори, Чорсу буюм савдо комлекси, Олой деҳқон бозори ва Бек тўпи савдо комплекси ҳам бор.
Қайд этилишича, бозор ва савдо комплексларидаги давлат улушларини сотиш шартлари ва усуллари давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси қарорига асосан белгиланади.
Марказий банкнинг 2 хил сценарийси
Ўзбекистон Марказий банки макроиқтисодий ривожланиш бўйича асосий ва муқобил сценарийларни эъон қилди. Маълум қилинишича, ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг келгусидаги ўзгариши бўйича ноаниқликлар ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу боис ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ташқи ва ички омилларнинг таъсири кўлами ва давомийлигини инобатга олиб асосий ва муқобил сценарийлари ишлаб чиқилди.
Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсида ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг босқичма-босқич яхшиланиб бориши кутилаётган бўлиб, кескин ташқи хатарлар юзага келиши кўзда тутилмайди.
Ушбу сценарий доирасидаги ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўзининг потенциал даражасига кўтарилиб, реал иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5–6,5 фоизни ташкил этади ва 2023–2024 йилларда 6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Инфляция суръатларининг 2022 йилда 8–9 фоизга ташкил этиши, 2023–2024 йилларда эса 5 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
Макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийси шартлари сифатида жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлигича қолиши сабабли ташқи шароитларнинг ноқулай шаклланиши ва иқтисодий фаолликни пасайиши каби эҳтимоллар асос қилиб олинган.
Ушбу сценарий бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажмининг реал ўсиши 2022 йилда 3–4 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Вазиятнинг нормал фазага ўтиши билан 2023 йилдан иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг тикланиши кузатилиб, 2023 йилда 4,8–5,8 фоизни ва 2024 йилда 5,5–6,5 фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.
Давлатга электр сотган фуқаро
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида яшовчи фуқаро Раҳимжон Расулов хонадонида 6 кВт қувватли кичик қуёш фото электр станцияси ўрнатиб, ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишни бошлади.
Маълум қилинишича, хонадонга ўрнатилган станция орқали йилига 7 мингдан 10 минг кВт/соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади. 3 ноябрь куни мазкур хонадон эгаси ва Энергетика вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ўртасида «Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида» шартнома имзоланган.
Ўзбекистонда блоклаб-очилган тармоқлар ва бўшатилган амалдорлар
Ўзбекистонда 3 ноябрь куни Facebook, Instagram, «Одноклассники», LinkedIn, «Мой мир», ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ва YouTube видеоплатформаси фаолияти чеклаб қўйилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев воқедан хабар топганидан сўнг блокланган платформаларнинг иш фаолияти тикланди.
Шерзод Асадовнинг ёзишича, Президент «узоқни ўйламай қилинган» ҳаракатдан хабар топган.
«Ҳукумат кўрсатмасига асосан ‘Ўзкомназорат’ томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракати ҳақида Президент хабар топдилар. Уйлайманки, тез орада барча тармоқларга уланиш тикланади», деб ёзган Асадов.
Шундан сўнг Ўзбекистон Бош вазиринг қарорига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди. Рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши маълум қилинди.
Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқлар блокланишига «техник носозлик» сабаб бўлганини маълум қилиб, баёнот берди. Орадан вақт ўтиб, расмий муносабат вазирлик сайтидан ўчириб ташланди.
Баёнотда ёзилишича, «Ўзбектелеком» АК ускунасида қисқа муддатли техник носозлик юзага келиши муносабати билан кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари сифатининг ёмонлашиши ва узилишлар кузатилган. Ушбу тармоқлардаги узилишлар техник ускуналардаги носозликлар сабабли юзага келган.

Интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ воқеа ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Kapitalbank’нинг 50 фоизига эга чиққан Ойбек Турсунов
Ойбек Турсунов 29 октябрь куни Kapitalbank акциядорлик тижорат банки устав капиталидаги 34,10 фоиз акцияни сотиб олди. Банкдаги у эгалик қиладиган жами акциялар 50 фоизга етди. Фонд биржаси сайтида харид нархи бўйича маълумотлар келтирилмаган.
Битимдан сўнг банкда Ойбек Турсунов эгалик қиладиган акциялар сони 164 миллион 927 890 тага етган. Маълумот учун, 2020 йилнинг май ойида Ойбек Турсунов Uzcard акцияларининг назорат пакети эгасига айланган эди.
Жек Ма Хитой миллиардерлари рейтингида «қуламоқда»
Хитойнинг энг йирик IT-компанияларидан бири Alibaba асосчиси, миллиардер Жек Ма Американинг Forbes журнали талқинига кўра, Хитойнинг 100 та энг бой бизнесмени рейтингида биринчи ўринни бой берди.
Нашр ўз рейтингида Манинг бойлигини 41,5 миллиард долларга баҳолаган, бу 2020 йил ноябрь ойига (65,6 миллиард доллар) нисбатан 24,1 миллиард долларга (37 фоизга) камдир. Ма рейтингда бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Хитой расмийлари Ant Group финтеч хизматининг IPO’сини бекор қилганидан кейин тадбиркорнинг бойлиги камайиб кетди. Баҳорда Alibaba рекорд даражадаги 2,8 миллиард доллар жаримага тортилди, шундан сўнг компания 6 йил ичида биринчи марта чоракни зарар билан якунлади.
Аҳоли даромадлари ўртачадан юқори бўлади
Маълум қилинишича, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифалардан саналади.
«Насиб этса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллайди. Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда», — дея таъкидлаган Президент инаугурация маросимида.
Шунингдек, Президент «хомашёдан — тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантириш режалаштирилганини айтган. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун, аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари амалга оширилиши қайд этилган.
Реклама кўрсатмаслик учун пул сўраётган Telegram
Павел Дуров Telegram каналларда реклама кўрсатишни ўчириб қўювчи пулли функция устида ишлаётганини айтди. Дуровнинг сўзларига кўра, кўпчилик фойдаланувчилар Telegram расмий рекламаларни ўчириш имкониятини жорий этишни таклиф қилган.
«У арзон обуна кўринишида чиқарилиши мумкин, бу фойдаланувчиларга Telegram ривожланишини бевосита молиявий қўллаб-қувватлаш имконини беради», — деди мессенжер асосчиси.
Бизнесни тушунмайдиган Салимбой
Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев бизнесмен эмаслиги, бу соҳада таълим олмагани ва нимадан пул топиши ҳақида гапирди. Уинг айтишича, иқтисодиёт ва бизнес бўйича таълим олмаган.
«Менинг офисим ҳам, дипломатим ҳам йўқ. Иқтисодиёт бўйича таълим олмаган одамман. Мен бизнесмен эмасман. Бизнес деган соҳани тушунмайман. Мен бизнес қилишни хоҳламайман, бу нарсага ақлим етмайди. Одам бизнес учун туғилиш керак. Менда унақа шароит бўлмаган», — дейди у.
Салим Абдувалиев кўпчиликка ўқиш ва ишларида ёрдам бергани, ҳозиргача улар хабар олиб туриши ҳақида гапирди.
«Мен кимман? Мен ақл билан иш қилардим. Самолётда икки яхши боладан кимлигини сўрасам, Лондон ёки Америкага ўқишга кирмоқчилигини айтса, самолётда туриб, ўқишига манзилларини жўнатиб юборар эдим. Ярим Ўзбекистонни ўқитганман. Бири ‘катта’ бўлиб кетди, бири муттаҳам бўлиб кетди. Эслаб, хабар олиб туришади. Баъзида эсламай қўйишса, телефон қилиб, ‘пулни ўлганимда мозорга олиб келасанларми’, деб қўяман», — дейди у.
Шунингдек, Салим Абдувалиев ҳозирги даражага нима сабабли етишганини маълум қилди.
«Ҳозир нафақадаман. Мен консультантман. Бир оғиз гапим билан 1 миллион ишлашим мумкин. Юрган дарё, ўтирган бўйра. Консультация ёки маслаҳат сўрашади. Аввало, Худо берган, кейин кураш. Кураш тушмаганимда ҳозир бирортасига мардикор ёки қоровул бўлиб юрган бўлардим», — дейди Абдувалиев.
Олиндаги ҳафта омадли келсин. «Kommers.uz» ўқувчилар учун қизиқ бўлган барча янгилик ва таҳлилларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






