«Блэкаут»га муносабат билдирган Мирзиёев, McDonald’s’га мурожаат қилган Илон Маск ва VIP тўйхона сотиб олган Алишер Усмонов — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2022 йилнинг 26 январь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
«Блэкаут»га муносабат билдирган Мирзиёев
26 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кун тартибида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган, кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлат раҳбари электр энергия таъминоти узилиши бўйича муносабат билдириб, Ўзбекистон халқи, мутасаддилар ва барча ОАВ-блогерларга ҳамкорлик, фидойилик учун миннатдорлик билдирган.
«Биз бугунги кунда глобал дунёда яшамоқдамиз. Глобал оламда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Ҳар бир одамнинг ҳаёти бутун инсоният ҳаёти билан янада кўпроқ боғлиқ бўлиб қолмоқда. Олис-яқин ҳудудларда юз бераётган турли ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, техноген офатлар бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди», — дейди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида электр таъминоти узилиши бутун минтақа ҳаётига таъсир қилганини эслаб ўтди.
«Мана, куни кеча электр таъминоти бўйича содир бўлган техник узилиш бир зумда бутун минтақа ҳаётида кучли акс-садо берганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ бердим. Комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни, шахсан назоратимга олдим», — дейди у.
Давлат раҳбари Ўзбекистон халқи, мутасаддилар ва барча ОАВ-блогерларга ҳамкорлик, фидойилик учун миннатдорлик билдирган.
«Шу билан бирга, бундай ҳолатда халқимиз ҳам вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади. Фурсатдан фойдаланиб, аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барча соҳа ва идоралар ходимларига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев бўлган ҳодисадан тўғри хулоса чиқариш ҳамда мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туриш кераклигини қўшимча қилган.
«Бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, биз Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз керак. Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз керак. Тинч-осойишта ҳаёт осмондан тушмайди. Бу ҳаётни қадрлаш, асраб-авайлаш, бу ҳаётни ҳимоя қилиш керак», — дейди Президент.
McDonald’s’га мурожаат қилган Илон Маск
Илон Маск McDonald’s корпорациясини Dogecoin’ни қабул қилишни бошлашга чақирди.
«Агар McDonald’s Dogecoin’ни қабул қилса, мен телевизорда ‘Хэппи Мил’ ейман», — деб ёзади Маск ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
Криптовалютанинг курси шундан кейин 8 фоизга кўтарилди, аммо кейин ўсишни пасайтирди. Тошкент вақти билан 20:10 ҳолатига кўра, Dogecoin курси 0,1381 долларни ташкил этади, бу аввалги сессиянинг якуний қийматидан 0,45 фоизга юқори.
Сиба-ину зотли ит тасвирланган интернет-мем шарафига 2013 йилда яратилган Dogecoin капиталлашув бўйича ўнта энг йирик криптовалюталардан биридир. Ўтган 12 ойда унинг қиймати қарийб 1600 фоизга ошган, 2022 йил бошидан эса 18 фоизга пасайган.
VIP тўйхона сотиб олган Алишер Усмонов
Миллиардер Алишер Усмоновнинг компанияси «Воробьёвы» тоғларида жойлашган «Сафиса» байрам кошонасини сотиб олди.
Маълум қилинишича, миллиардер Алишер Усмоновнинг «Металлоинвест» компанияси Москвадаги Воробьёвский шоссесида жойлашган «Сафиса» байрам уйи эгасига айланган.
Хабарга кўра, бинога эгалик қилувчи «ЛИМН» компанияси 21 январь куни «Металлоинвест» таркибига кирувчи «Михайловского ГОК им. А. В. Варичева» корхонаси назоратига ўтган. «Металлоинвест» компанияси вакили ОАВга изоҳ беришдан бош тортган.

Деярли 4000 квадрат метр майдонга эга икки қаватли уй 2005 йилда қурилган.
«‘Сафиса’нинг ички қисми ҳайратланарли — мармар поллар, зарҳал зинапоялар ва биллур қандиллар. Бунақасини Эрмитажда учратиш мумкин, улкан аркали деразалар ва нафис безаклар. ‘Сафиса’ сиғими асосий залда 600 кишига етади», дейилади тантаналар уйи веб-сайтидаги тавсифда.
Бошқа бир манбага кўра, «Сафмар» асосчиси Михаил Гуцериевнинг ўғиллари ва «Ташир» гуруҳи эгаси Самвел Карапетян ўз тўйларини қасрда нишонлаган, рассом Филипп Киркоров ва Россия хоккей федерацияси президенти Владислав Третяк бу ерда туғилган кунларини ўтказган. Алла Пугачева, Энрике Иглесиас, Женнифер Лопес ва Стинг байрам пайтида «Сафиса»да чиқиш қилган.
Энг қиммат бренд деб топилган Apple
Apple компанияси дунёдаги энг қиммат бренд деб топилди.
Маълум қилинишича, Brand Finance 2022 йил учун янги Global 500 бренд рейтингини тузган. Рейтингда Apple биринчи ўринни қайд этиб, яна дунёдаги энг қиммат брендга айланган.
Apple брендининг қиймати бир йил ичида учдан бир қисмга ўсиб, мутлақ рекорд рейтингга — 355 миллиард долларга етган. Топ-5 брендлар қаторига Amazon (350 миллиард доллар), Google (263 миллиард доллар), Microsoft (184 миллиард доллар) ва Walmart (112 миллиард доллар) ҳам кирган.
TikTok энг тез ривожланаётган (бир йилда уч марта) бренд деб эътироф этилган, We Chat иккинчи йил кетма-кет энг «кучли» (кўрсаткич сармоя ва бизнес самарадорлигини ҳисобга олади) деб топилган.
Таъкидланишича, технология саноати бренд капиталлашуви бўйича етакчиликни сақлаб қолмоқда. Иккинчи ўринда турган жаҳон чакана савдоси пандемия даврида капиталлашувини 46 фоизга оширди ва 1 триллион доллардан ошди.
Бундан ташқари, жаҳон брендлари капиталлашувининг учдан икки қисми икки йирик иқтисодиётда — АҚШ ва Хитойда тўпланган.
Энг қиммат рус бренди — «Сбербанк» — 156-ўринда (ўтган йили — 181-ўрин) ва бу кўрсаткич бўйича у Morgan Stanley’ни ортда қолдирган. Бренд кучи бўйича «Сбербанк» Европада биринчи бўлиб, Ferrari’ни ортда қолдирган, гарчи кўплаб Европа брендлари анча қимматроқ. Масалан, Mercedes дунёда 15-ўринда ва 61 миллиард доллар туради.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастури
Ўзбекистонда маҳсулот ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастури қабул қилинди.
Маълум қилинишича, Президентнинг 24 январдаги «Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Қайд этилишича, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш тизими самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) баҳолаш тизимини жорий этишни назарда тутади:
- тармоқ раҳбарлари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси ва ҳокимлар — янги турларни ўзлаштириш орқали ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар билан тўлдириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, импортни мақбуллаштириш учун;
- тармоқлар раҳбарларининг биринчи ўринбосарлари ва ҳокимларнинг маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ёрдамчилари — ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини ўрнатиш ҳамда ривожлантириш, ҳамкорларга ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар техник параметрлари ва сифатини тегишли талаблар ва стандартларга мослаштиришга кўмаклашиш учун.
Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида маҳаллий маҳсулотлар контентини кенгайтириш бўйича рақобатбардош шароитлар яратиш мақсад қилинган. Бунда қуйидагилар кўзда тутилган:
- йирик инвестиция лойиҳалари бўйича халқаро тендерлар ўтказиш жараёнида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларнинг қатнашиш имкониятларини кенгайтириш;
- ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштирадиган тендер савдолари иштирокчиларига асосий ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун тез эскирадиган ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ўрта муддатли кафолатланган шартларда харид қилиш бўйича имкониятлар бериш.
Бундан ташқари, янги дастур хорижий ва маҳаллий инновацион технологиялар трансферини молиялаштиришнинг самарали тизимини яратишни ўз ичига олган. Шунингдек, ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирадиган корхоналарнинг ходимларини уларнинг бошқарув органлари томонидан тасдиқланган шартлар ва тартиблар асосида рағбатлантириш асосий вазифалар сирасига киради.
Таъкидланишича, 2022 йилга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастури тасдиқланган. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг прогноз параметрлари;
- янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш йиғма кўрсаткичлари;
- иқтисодиёт тармоқлари томонидан янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати;
- ҳудудий корхоналар томонидан янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати ва бошқалар.
Шу билан бирга, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўшма молиялаштириш йўналишида Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:
- маркетинг тадқиқотлари, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш жараёнларида технологик кўмаклашиш, хорижий мутахассислар ва консалтинг компаниялари томонидан жиҳозларни ўрнатиш ва ишга тушириш;
- тендерлар ёки технология лицензиарларининг энг яхши таклифларини танлаш асосида аниқланадиган замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар қийматининг 50 фоизини тўлашга.
Ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўшма молиялаштириш йўналишида инвестиция шартномалари доирасида жалб қилинган хорижий инвесторларнинг маблағлари, биринчи навбатда, илмий тадқиқотлар ва тижоратлаштиришга тайёр бўлган технологиялар трансферини қўшма молиялаштиришга йўналтирилади.
Ўзбекистон энг кўп электромобиль импорт қилган давлатлар
Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон 2021 йил энг кўп электромобиль импорт қилган 11 та давлатни маълум қилди.
Унга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонга 11 та хорижий давлатдан қиймати 16,9 миллион долларга тенг бўлган 809 та электромобиль импорт қилинган.
Электромобиль импорти 2020 йилга нисбатан 679 тага ёки 6,2 бараварга ошган.
2021 йилда Ўзбекистон асосан қуйидаги давлатлардан электромобиллар импорт қилган:
- Хитой — 724 та;
- Туркия — 24 та;
- АҚШ — 22 та;
- Литва — 13 та;
- Германия — 12 та;
- Корея — 5 та;
- Испания — 2 та;
- Россия — 2 та;
- Украина — 2 та;
- БАА — 2 та;
- Гонгконг — 1 та.
Иқтисодий комплексга вазифалар топширган Президент
26 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кун тартибида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган, кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда барча иқтисодий комплекс раҳбарлари ва ҳокимлар олдига қуйидаги вазифалар қўйилган.
Жумладан, ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард доллардан ошириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 бараварга кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 бараварга қисқартириш ҳамда 2022 йилда инфляция даражасини 9 фоиздан оширмаслик вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, 2022 йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 10 триллион сўм кредитларни «маҳаллабай» кафолатли етиб боришини таъминлаш, шунингдек, бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик белгилаб қўйилган.
Хабарга кўра, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, яқин беш йилда иқтисодиётга 120 миллиард доллар, шу жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 миллиард доллардан ошириш вазифаси қўйилган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






