Блокланиб-очилган ижтимоий тармоқлар, бензин нархи можароси, кўчирилаётган Қўйлиқ ва «Йил одами» деб топилган Илон Маск — Kommers дайжести
Kommers.uz ноябрь ойидан йил охиригача ОАВ ва жамоатчилик нигоҳидан тушмаган энг сара янгиликларни битта дайжестга тўплади.

Кўз очиб юмгунча 2021 йил ҳам ўтмишга айланмоқда. Бу давр мобайнида ахборот майдони қайноқ янгилик ва хабарларга бой бўлди.
Kommers.uz ноябрь ойидан буён кунлик ва ҳафталик янгиликлар дайжестларини ўқувчиларига етказиб келади. Нашр бу сафар ноябрь ойидан 2021 йил охиригача бўлган вақтда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик нигоҳидан тушмаган энг сара янгиликларни битта дайжестга тўплади.
Ўзбекистонда блоклаб-очилган тармоқлар ва ишдан олинган амалдорлар
Ўзбекистонда 3 ноябрь куни Facebook, Instagram, «Одноклассники», LinkedIn, «Мой мир», ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ва YouTube видеоплатформаси фаолияти чеклаб қўйилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев воқедан хабар топганидан сўнг блокланган платформаларнинг иш фаолияти тикланди.
Шерзод Асадовнинг ёзишича, Президент «узоқни ўйламай қилинган» ҳаракатдан хабар топган.
«Ҳукумат кўрсатмасига асосан ‘Ўзкомназорат’ томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракати ҳақида Президент хабар топдилар. Уйлайманки, тез орада барча тармоқларга уланиш тикланади», деб ёзган Асадов.
Шундан сўнг Ўзбекистон Бош вазиринг қарорига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди. Рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши маълум қилинди.
Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқлар блокланишига «техник носозлик» сабаб бўлганини маълум қилиб, баёнот берди. Орадан вақт ўтиб, расмий муносабат вазирлик сайтидан ўчириб ташланди.
Баёнотда ёзилишича, «Ўзбектелеком» АК ускунасида қисқа муддатли техник носозлик юзага келиши муносабати билан кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари сифатининг ёмонлашиши ва узилишлар кузатилган. Ушбу тармоқлардаги узилишлар техник ускуналардаги носозликлар сабабли юзага келган.

Интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ воқеа ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Бизнесни тушунмайдиган Салимбой
Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев бизнесмен эмаслиги, бу соҳада таълим олмагани ва нимадан пул топиши ҳақида гапирди. Уинг айтишича, иқтисодиёт ва бизнес бўйича таълим олмаган.
«Менинг офисим ҳам, дипломатим ҳам йўқ. Иқтисодиёт бўйича таълим олмаган одамман. Мен бизнесмен эмасман. Бизнес деган соҳани тушунмайман. Мен бизнес қилишни хоҳламайман, бу нарсага ақлим етмайди. Одам бизнес учун туғилиш керак. Менда унақа шароит бўлмаган», — дейди у.
Салим Абдувалиев кўпчиликка ўқиш ва ишларида ёрдам бергани, ҳозиргача улар хабар олиб туриши ҳақида гапирди.
«Мен кимман? Мен ақл билан иш қилардим. Самолётда икки яхши боладан кимлигини сўрасам, Лондон ёки Америкага ўқишга кирмоқчилигини айтса, самолётда туриб, ўқишига манзилларини жўнатиб юборар эдим. Ярим Ўзбекистонни ўқитганман. Бири ‘катта’ бўлиб кетди, бири муттаҳам бўлиб кетди. Эслаб, хабар олиб туришади. Баъзида эсламай қўйишса, телефон қилиб, ‘пулни ўлганимда мозорга олиб келасанларми’, деб қўяман», — дейди у.
Шунингдек, Салим Абдувалиев ҳозирги даражага нима сабабли етишганини маълум қилди.
«Ҳозир нафақадаман. Мен консультантман. Бир оғиз гапим билан 1 миллион ишлашим мумкин. Юрган дарё, ўтирган бўйра. Консультация ёки маслаҳат сўрашади. Аввало, Худо берган, кейин кураш. Кураш тушмаганимда ҳозир бирортасига мардикор ёки қоровул бўлиб юрган бўлардим», — дейди Абдувалиев.
Бензин нархи атрофидаги гаплар
Сўнгги вақтда Ўзбекистонда бензин нархи кескин кўтарилиши жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Аввалроқ Ўзбекистонда АИ-80 бензинининг бошланғич нархи 70 фоиз кўтарилгани маълум қилинди. Шундан сўнг Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев бензин нархи 10–15 кун ичида ўзгаришини айтди.
Кейинчалик Ўзбекистонда биржа савдоларида Аи-80 маркали автомобиль бензини нархи 8 фоизга арзонлашди. «Ўзбекнефтгаз» департамент директори Хушнуджон Маҳмудов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда Аи-80 маркали бензиндан воз кечилишини маълум қилди. Шунингдек, 20 ноябрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида Аи-80 маркали бензин нархи 9,5 фоизга арзонлашгани ҳақида хабар берилди.
Кўчирилаётган Қўйлиқ
«Қўйлиқ» бозорининг кўчирилиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Бу ҳақда сенатор Толибжон Мадумаров Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси якунларига бағишланган навбатдаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, ушбу масала ижтимоий тармоқда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилингач, жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилган.
«Биз ушбу масала ижтимоий тармоқда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилингач, жойига чиқиб ўрганиш ишларини олиб бордик. ‘Қўйлиқ’ни кўчириш бўйича шаҳар ҳокимининг қарори чиқмаган, ҳозирда бозорнинг кўчирилиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ», — дейди у.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозори Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Мехнатобод кўчасида жойлашган «FOODCITY» савдо марказига кўчирилиши хабар қилинганди.
Шунингдек, «Қўйлиқ деҳқон бозори»нинг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари Қодиржон Нормирзаев аслида бозор кўчирилиши ҳақида хабар тарқалишига ҳеч қандай асос йўқлиги, бу хусусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёки юқори ташкилотлардан бирор топшириқ келмаганини маълум қилганди.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳокими Тапил Маҳамадзияев 13 декабрь куни ўтказилган йиғилишда «Қўйлиқ» бозори босқичма-босқич кўчирилишини таъкидлади.
«Йил одами» деб топилган Илон Маск
Буюк Британиянинг дунёга машҳур Financial Times газетаси Tesla раҳбари Илон Маскни электромобиллар саноатида қилган ишлари учун «Йил одами» деб топди. Tesla электромобиллар бўйича жаҳон етакчисига айланди ва кўплаб автомобиль ишлаб чиқарувчиларни электромобилга эътибор қаратишга ундади.
«Узоқ вақт давомида автомобиль саноатининг қолган қисми Tesla ва мени аҳмоқ ҳамда фирибгар деб атаган. Улар электромобиллар ишламаслигини, биз масофа ва унумдорликка эриша олмаслигимизни ва эришганимизда ҳам уларни ҳеч ким сотиб олмаслигини айтди», дея Маскнинг сўзларини келтиради газета.
FT муҳаррири Рула Халаф Илон Маскни автомобиль саноатидаги инқилобчи, деб атади.
Қайд этиш керакки, Маск ҳозирда дунёдаги энг бой одам бўлиб, унинг Tesla компанияси тахминан 1 триллион долларга баҳоланмоқда, бу эса Ford Motor ва General Motors’нинг умумий қийматидан ҳам қимматроқдир. АҚШ Сенатидаги демократлар миллиардерлар акциялари ва савдо активларига солиқ солишни талаб қилгани учун Маск сўнгги бир неча ҳафта ичида Tesla компаниясининг қарийб 13 миллиард долларлик акцияларини сотди.
«Агар сиз 2 сонияга кўзингизни очсангиз, бу йил мен тарихдаги барча америкаликлардан кўра кўпроқ солиқ тўлашимни тушунган бўлардингиз», — дейди Маск.
13 декабрь куни Илон Маск Time журнали томонидан «Йил одами» деб топилганди.
Ойликка яшаётган ўзбекистонликлар
Ўзбекистон Марказий банки томонидан аҳолининг турли гуруҳлари истеъмол кайфиятини ўрганиш бўйича навбатдаги сўровлар ўтказилди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг III чораги якуни бўйича ўтказилган сўровда респондентларнинг келгуси даромадлари бўйича кутилмалари II чоракдаги 7,3 банддан 8,8 бандгача юқорилаган. Кузатувларга кўра, сўровда иштирок этган даромадлари 7 миллион сўмгача бўлган респондентлар улуши жамига нисбатан 86 фоизни ташкил этмоқда (II чорак якунлари бўйича — 83 фоизга тенг).
Маълум бўлишича, иштирокчиларнинг қарийб 70 фоизи даромадларининг асосий манбаи ойлик иш хақи, 15 фоизга яқини эса тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадларга тўғри келишини таъкидлашган. Хориждан пул ўтказмаларни қайд этган респондентлар улуши эса 3,4 фоизга тенг.

Шу билан бирга, ҳудудлар кесимида ҳам расмий ойлик иш ҳақи асосий даромад манбаи эканини кўриш мумкин. Хусусан, Тошкент шаҳри (68,8 фоиз), Бухоро (61 фоиз), Андижон (58,7 фоиз) ва Тошкент вилоятлари (58,1 фоиз) респондентлари жавобаларида ойлик моашнинг асосий даромад сифатида юқори улушлар қайд этилган.
Мирзиёев ва Путин учрашуви
Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 19 ноябрь куни ташриф билан Россияга келди. Маълум қилинишича, олий даражадаги музокаралар Кремлда бўлиб ўтди. Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажмининг 18 фоизи Россияга тўғри келмоқда. Товар айирбошлаш кўпаймоқда: пандемияга қарамай, 2020 йили 15 фоиздан кўпроққа ошган.
«Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, кейинги йилларда муносабатларимизда чинакам улкан ютуқларга эришилди — бундай кўрсаткичлар илгари бўлмаган. Сиз айтганингиздек, товар айирбошлаш ортмоқда: тўққиз ой якунида беш миллиардни ташкил этди, йил охирида етти миллиард бўлади. Муносабатларимизда бундай рақам илгари кузатилмаган», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, 2020 йилда ўзаро савдо ҳажми 5,6 миллиард доллардан ошган бўлса, 2021 йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 6 миллиарда етиб, йил якунига қадар 7 миллиард долларга яқинлашиши кутилмоқда.
Музокаралар якунида Президентлар Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Ташриф доирасида жами 18 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
«Капиталбанк»дан улуш сотиб олган Усмонов компанияси
Миллиардер Алишер Усмоновга тегишли USM Holding компаниясининг шўъба корхонаси бўлган «Телекоминвест» «Капиталбанк»нинг 215,3 миллиард сўмлик акцияларини сотиб олди. Маълум қилинишича, миллиардер Алишер Усмоновга алоқадор «Телекоминвест» «Капиталбанк»нинг 65 миллион 973 минг 307 дона акциясини сотиб олган. Акцияларнинг умумий қиймати 215,3 миллиард сўмни ташкил этган.
«Капиталбанк» фонд биржаси ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси ҳисобланади. 2021 йилда банк Ўзбекистонда валюта биржасининг биринчи маркет-мейкери бўлди. Бундан ташқари, банкнинг муҳим ютуғи Ўзбекистонда биринчи рақамли Apelsin шўъба корхонаси билан банк гуруҳининг ташкил этилиши дея кўрилади.
Ошаётган давлат қарзи
Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 25,3 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида маълум қилинди.
Қайд этилишича, давлат қарзи қолдиғи 2021 йилнинг III чорагида 1,1 миллиард долларга (йил бошидан 2,1 миллиард долларга) ошиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 25,3 миллиард долларни ташкил этган.
Ҳисобот даврида давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати барқарорлашиш тенденцияси сақланиб қолиб, йил бошидаги 38,9 фоиздан (1 июль ҳолатига — 38,5 фоиз) 1 октябрь ҳолатига 38,4 фоизгача пасайган.
Маълумотларга кўра, июль-сентябрь ойларида давлат қарзи қолдиғининг 1,1 миллиард долларга ошиши, асосан, давлат бюджети тақчиллигининг молиялаштирилиши ва инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида миқдоридаги қарз маблағларининг ўзлаштирилиши билан бирга 356,4 млн. доллар миқдоридаги давлат қарзининг сўндирилиши билан изоҳланади.
Twitter’дан кетган Дорси
Twitter асосчиси Жек Дорси бош директор лавозимини тарк этди. Жек Дорси ўрнига Twitter’ни техник директор Параг Агравал бошқаради. Twitter ҳали бу хабарга расман изоҳ бермади. Forbes журналининг 2020 йилги рейтингида унинг бойлиги 14,4 миллиард долларга баҳоланган.
Twitter акциялари 29 ноябрь кунги савдолар очилишида аввалги савдо кунининг ёпилишига нисбатан 11 фоизга ошди. Савдо маълумотларига кўра, чўққисида уларнинг қиймати 52,27 долларга етган. Маълумотларига кўра, савдонинг чўққисида акциялар қиймати 52,27 долларга етган.
Гулнора Каримова иши
Швейцария Федерал Жиноят суди Гулнора Каримовага алоқадор ширкатга тегишли 293 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Адлия вазирлиги суд қарори юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, бу Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун муҳим ғалаба ҳисобланади. Чунки у маблағларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича кейинги музокаралар учун имконият очади.
Шу билан бирга, суд қарорига кўра 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар процессуал харажатлар чиқариб ташланганидан сўнг «Takilant Ltd» компаниясига қайтарилиши мумкин. Қайд этилишича, айрим ОАВ суд қарорининг ушбу қисмини нотўғри талқин қилган ҳолда асоссиз маълумотлар тарқатмоқда.
Таъкидланишича, Швейцария федерал жиноят судининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори ҳали якуний қарор эмас. Ҳусусан, Швеййария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари суднинг ушбу қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
«Бундан ташқари, ушбу маблағларга нисбатан Америка Қўшма Штатларининг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, айни пайтда Ўзбекистон давлат органлари Швейцария ва АҚШ расмийлари билан Гулнора Каримова ва унинг шерикларининг жиноий фаолияти натижасида орттирилган активларини қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Чунки ушбу жиноятлардан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган.
Маълумот учун, Каримовага тегишли бўлган Takilant номли ширкат жиноий тергов остидаги 5 та Швейцария банк ҳисобларидан иккитасига алоқадор эди. Компаниядан мусодара қилинган умумий сумма 350 миллион доллардан ортиқни ташкил қилган.
Суд бу сумманинг катта қисми мусодара қилиниши керак деган хулосага келди, чунки айбланувчиларнинг бир қисми, жумладан, Каримова ва унинг ёрдамчиси жиноий пул ювишда айбдор деб топилган. Бироқ Takilant’га тахминан 70 миллион доллар қайтарилади.
Автомобилларини «чақириб олаётган» UzAuto Motors
UzAuto Motors 2021 йил 5-17 декабрда ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини «чақириб олади».
Маълум бўлишича, UzAuto Motors ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сифати ва мижозлар талабини қондиришни ўзининг асосий устувор вазифаси деб билади. UzAuto Motors бош директори Бо Андерссон бу йил компанияга келганида сифатни кескин оширишни ва ҳар қандай камчиликларга мутлақо муросасиз муносабатда бўлишни эълон қилган.
Сифат талабларидан келиб чиқиб, UzAuto Motors 2021 йил 5-17 декабрда ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини «чақириб олиш» дастурини эълон қилди. «Чақириб олиш» дастури автомобилларнинг орқа ойна иситиш тизимини текшириш зарурати билан боғлиқ.
«Барча ишлар UzAuto Motors ходимлари томонидан дилерлик марказларининг сервис хизматида ишлаб чиқарувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади», дейилади хабарда.
Автомобиллари чақириб олиш дастурига тўгри келган барча автомобиль эгалари дилерлик марказлари ёки компания томонидан огоҳлантирилади.
Қанча пул ишлагани маълум бўлган Садир Жапаров
2020 йилда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 247 953 сом (тахминан 2900 доллар — таҳр.) ишлаб топган. Мамлакат Солиқ хизмати эълон қилган давлат раҳбарининг даромадлари ва харажатлари декларациясида Жапаров бош вазир сифатида кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, у 2020 йилнинг октябрь ойида ҳукуматни бошқарган. Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиққанидан сўнг, Жапаров Президент вазифасини бажара бошлаган. 2021 йил январь ойида эса у давлат раҳбари этиб сайланган.
Декларацияга кўра, 2020 йилда Жапаров 247 953 сом ишлаб топган. Бундан ташқари, ҳужжатда давлат раҳбарининг умумий майдони 6 гектар бўлган қишлоқ хўжалиги ерлари борлиги ҳам кўрсатилган. Жапаровнинг шахсий кўчмас мулки ва машинаси йўқ.
Қайд этилишича, Қирғизистон Президентининг яқин қариндошлари 50,7 ва 389 квадрат метрлик иккита уйга эгалик қилади. Шунингдек, «Умут булаги» жамоат фонди ва битта гараж Жапаровнинг яқин қариндошларига тегишли.
Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга ташрифи
Корея Республикаси Президентининг Сеул шаҳридаги «Чонг Ва Дэ» қароргоҳида 17 декабрь куни Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Корея Эркин савдо тўғрисидаги битимни тузиш масаласида анча илгарилаган. Учрашувда ушбу ҳужжатнинг келгуси йилда имзоланиши туфайли товар айирбошлаш кўрсаткичларини ошириш ва мувозанатга келтириш имконияти пайдо бўлишига ишонч билдирилган.
Кореянинг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. 2021 йилда 320 миллион доллар, яъни 2020 йилга нисбатан 20 фоиз кўп ўзлаштирилган. Бу маблағлар ҳисобига кимё, нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Маълум қилинишича, Корея Эксимбанки ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) доирасидаги молиялаштириш ҳажми 1 миллиард долларга етказилди. 2023 йилга қадар Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга оширишга салмоқли маблағ йўналтирилмоқда. Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан сермаҳсул шериклик ҳам кенгаймоқда.
Ўзбекистон Президенти яқин даврга мўлжалланган ҳамкорликда учта асосий йўналиш: «яшил» тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш масалалари кун тартибида турганини таъкидлаган. Истиқболдаги барча қўшма лойиҳалар, дастур ва ҳаракатлар режаларини шу асосий устуворликлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш таклиф этилган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш фондини (EDPF) жалб қилган ҳолда Тошкент вилоятида яримўтказгич ва электроника ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Корея кластерини ташкил этиш таклифини билдирган. Унинг ҳудудида фан-таълим муассасалари, илғор технологиялар соҳасидаги тадқиқот ва ишланмалар марказларини жойлаштириш мумкин бўлади.
Музокаралар чоғида пандемиядан кейинги даврда туризм соҳаси иқтисодий ўсиш локомотивларидан бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Ўзбекистон Корея компанияларининг меҳмонхоналар ва инфратузилма объектлари қурилиши билан боғлиқ лойиҳалардаги иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги маълум қилинган.
Олдиндаги йил омадли келсин. «Kommers.uz» ўқувчилар учун қизиқ бўлган барча янгилик ва таҳлилларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






