Bloomberg: «Дунё бўйлаб 2022 йилда мол гўшти истеъмолига бўлган талаб кескин пасайди»
Дунё бўйлаб 2022 йилда мол гўштига бўлган талаб пасайишни бошлади ва ушбу ҳолат 2023 йилда ҳам давом этиши мумкин. Мол гўшти истеъмолининг камайиши нархларнинг ошиши билан боғлиқ

Дунё бўйлаб 2022 йилда мол гўштига бўлган талаб пасайишни бошлади ва ушбу ҳолат 2023 йилда ҳам давом этиши мумкин. Бу, биринчи навбатда, мол гўшти энг кўп истеъмол қилинадиган мамлакатларга — Аргентина, АҚШ ва Буюк Британияга тегишли, дея хабар берди Bloomberg.
Нашрнинг ёзишича, 2022 йилда дунёда мол гўштига бўлган талаб кескин пасайган ва ҳатто 2023 йилда инфляция даражаси пасайган тақдирди ҳам бу турдаги гўшт истеъмоли қисқариши тахмин қилинмоқда.
Мол гўшти ишлаб чиқарувчи Аргентинанинг Ciccra маълумотларига кўра, 2022 йилда аҳоли жон бошига мол гўшти истеъмоли 47,2 килограммни ташкил этган бўлса, 2007 йилда бу кўрсаткич 68,7 килограмм бўлган. Мол гўшти истеъмолининг камайиши мамлакатдаги нархларнинг ошиши билан боғлиқ, шунинг учун аргентиналиклар товуқ гўштини кўпроқ сотиб олишни бошлаган — 20 йил ичида талаб 18 килодан 46 килогача ўсди.
Бундан ташқари, 2022 йили Бразилия, АҚШ ва Буюк Британияда мол гўшти истеъмоли ҳам камайди. Чакана савдо ва истеъмолчи ҳолатини ўзрганувчи NielsenIQ тадқиқот фирмаси маълумотларига кўра, 2022 йилда АҚШда мол гўшти хариди 4 фоизга камайди, Буюк Британияда ҳам қовурилган мол гўшти ва стейк сотуви пасайган.
Шу билан бирга, Аргентинада 2023 йилда мол гўштига бўлган талаб 2 фоиздан кўпроқ, АҚШда эса деярли 5 фоизга камайиши кутилмоқда. Буюк Британияда озиқ-овқат дўконлари ва ресторанлардан мол гўшти сотиб олиш 2022 йилга нисбатан 5,8 фоизга, қайта ишланган гўшт сотиш 22 фоизга, стейк эса 19 фоизга камайди.






