BMW сониялар ичида рангини ўзгартирувчи iХ электромобилини тақдим этди (видео)
Технологиянинг қандай ишлаши ҳақида тафсилотлар мавжуд эмас.

BMW CES 2022 кўргазмасида инновацион бўёқ схемасига эга iX электр машинасини намойиш этди. Машина акс этган видеони Out of Spec Studios фойдаланувчиси Twitter’да жойлаштирган.
Видеода iX рангини ўзгартиради: аввал машина тўқ кулранг, кейин оқ, кейин эса оқ-кулранг рангга айланади. Видеони юклаган фойдаланувчининг сўзларига кўра, бўёқ ҳароратга сезувчан, шунинг учун iX ҳаддан ташқари қизиши ёки жуда совиб кетишини ҳисобга олган ҳолда BMW захира машинасини олиб келган.
Маълумотларга кўра, декабрь ойида ишлаб чиқарувчи тугмани босиш орқали автомобиль кузов рангини ўзгартирувчи технологияни намойиш этишини тасдиқлаган. Бу қандай ишлаши ҳақида тафсилотлар ҳозирча мавжуд эмас.
Аввалроқ BMW автомобиль савдоси бўйича Mercedes’дан ўзиб кетганини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, BMW компанияси i7 электроседанини ишлаб чиқариши хабар қилинди.






