
«Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади». Президент Олтиариқдаги минг гектарли боғни бориб кўрди
Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинди.

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифини Олтиариқ туманидан бошлади. Президент туман чеккасидаги минг гектар адирликда ташкил этилган узумчилик ва боғдорчилик плантациясини бориб кўрди.
Президент матбуот хизматининг таъкидлашича, илгари бу жой ҳеч нарса экилмайдиган қуруқ ер эди. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида минг гектар янги манба пайдо бўлган. Бунинг учун қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Бунда фойдаланилган ускуна ва қувурлар ҳам тўлиқ маҳаллий маҳсулот ҳисобланади.

Ўзлаштирилган майдонларнинг 560 гектарида токзор барпо этилиб, «хусайни», «келинбармоқ», «ризамат», «кишмиш» каби харидоргир узум навлари экилмоқда. 300 гектарлик интенсив боғда олма, гилос, ўрик кўчатлари ўтқазилмоқда.

Қатор ораларига тарвуз экилган. Бозор талабига қараб, қалампир, булғор қалампири, бодринг, кўкатлар ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштирилади.
«Фарғона қишлоқ хўжалигида катта натижаларга эришаяпти, одамларнинг дунёқараши ўзгараяпти, деҳқонлар экспортга чиқаяпти. Лекин кечаги натижа бугунга тўғри келмайди. Доим изланишда, ҳаракатда бўлишимиз керак. Мана, салгина шароит яратилгани учун шунча жой боғ бўлди. Ҳали ички имкониятларимиз жуда кўп. Бу имкониятларни “инсон қадри” тамойили асосида халқимиз манфаатига йўналтириш керак. Водий гавҳари Фарғона бунда намуна бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, бу ер замонавий агросаноат мажмуи бўлади — 1 минг 500 тонна сиғимли музлаткичли омбор, маиший хизмат шохобчалари барпо этилади. 6 та минитрактор, 10 та юк машинаси сотиб олинади. Боғ ва токзорлар аҳолига бўлиб берилади. Бу миришкор олтиариқликлар учун катта имкониятлар яратади.

Давлат раҳбари шу ерда фарғоналик деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан суҳбатлашди.
«Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади. Мулкдор қанча кўп бўлса, масъулият кўп бўлади, харидорларнинг, чет эллик ҳамкорларнинг тадбиркорга ишончи бўлади, одамлар кўпроқ даромад олади», — деди Президент.
Ҳудудда 3 мингдан ортиқ иш ўрни очилиши айтилди. Уларга ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирлари ишга олинади. Президент шундай ишчилар билан суҳбатлашди.

Шу ерда Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz




