Буғдой нархи кўтарилди
Россиянинг Украина шаҳарларига ракета ҳужумлари оқибатида жаҳон бозорида буғдой нархлари қимматлашди

Маълум қилинишича, 10 октябрь куни Россиянинг Киев ва Украинанинг бошқа йирик шаҳарларига ракета зарбаларидан сўнг буғдой нархи деярли 6 фоизга ошиб, июнь ойидаги максимал даражага етди, деб хабар беради Bloomberg.
Можаронинг кучайиши Украинадан дон экспорти бўйича яқин ойларда муддати тугайдиган икки томонлама келишувнинг узайтирилишини хавф остига қўяди.
«Агар Қора денгиз минтақасидаги вазият яхшиланмаса, биз озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ кейинги муаммоларни истисно эта олмаймиз», – дейди таҳлилчилар.
Бутун дунёга буғдой экспортининг 25-30 фоизи Украина ва Россия ҳиссасига тўғри келади. Икки давлат ўртасидаги можаро туфайли Украинада ҳосилни йиғиб олиш, умуман уни етиштириш, шунингдек, экспорт муаммолари Украинадан келадиган буғдойга қаттиқ боғланган давлатлар ва бошқа мамлакатларга ҳам жиддий таъсир қилмоқда.
Шунингдек, Россия ҳамда Украина ўсимлик ёғини йирик ҳажмда экспорт қилувчи мамлакатлар ҳисобланади. Хусусан, 2019 йилда Россия ҳамда Украинанинг биргаликдаги ўсимлик ёғи экспорти дунё экспортининг 64 фоиз қисмини ташкил этган.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) 2022—2023 йилларга мўлжалланган буғдойнинг глобал прогнози таъминотнинг камайиши, истеъмолнинг қисқариши, савдонинг қисқариши ва якуний заҳираларнинг бироз пастроқ бўлишини таъкидлади.






