«Бунёдкор» футбол клуби ходимларнинг 1,5 млрд сўмдан ортиқ маошини кечиктиргани аниқланди
Клуб ҳомийси «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳисобланади
Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клуби ходимларнинг октябрь ойидаги 1 миллиард 532 миллион 216 минг сўмлик маошларини кечиктирган. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, айни вақтда клуб томонидан жами 393 нафар ходимга нисбатан октябрь ойи учун 1 миллиард 532 миллион 216 минг сўм миқдоридаги ойлик маошлари тўлаб берилиши кечиктирилган.
Шунингдек, ҳозирда клуб ҳомийси «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан маблағлар ажратилаётгани ва ходимларга ушбу тўловларни тўлаб бериш ҳаракатлари амалга оширалаётгани маълум қилинган.
Бундан ташқари, «Бунёдкор» футбол клуби бош директори Улуғбек Мирзаев номига ходимларга ойлик иш ҳақи бўйича юзага келган қарздорликни бартараф қилиш ҳамда кейинчалик ойлик иш ҳақларини ўз муддатида тўлаш бўйича Давлат меҳнат иснпекцияси томонидан ёзма кўрсатма киритилган.