Бюджет-2022: Инфляция прогнози 9 фоиз, тақчилликнинг чекланган миқдори ЯИМнинг 3 фоизи этиб белгиланди
Инфляция даражасининг пасайиши тенденцияси давом этиши ва 2022 йилда 9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 2022 йил учун ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгиланмоқда. у ҳақда Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида тақдим этилган Давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботда маълум қилинди.
Қайд этилишича, бунда бюджет тақчиллигининг чекланган миқдоридан ошишига олиб келиши мумкин бўлган қўшимча харажатлар фақатгина қўшимча даромад манбаи мавжуд бўлганда ёки бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига амалга оширилиши назарда тутилган.
Инфляция даражасининг пасайиши тенденцияси давом этиши ва 2022 йилда 9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Қонун билан биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилар Қорақалпоғистон бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан маблағ олувчи қуйи ташкилотларга ўзларига ажратилган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларининг 10 фоизгача қисмини Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан йўналтиришга ҳақли экани белгиланмоқда.
Шунингдек, 2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 30,3 фоизи даражасида прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети даромадлари 199,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 23,8 фоизи миқдорида белгиланмоқда.
Аввалроқ Сенат 2022 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллагани ҳақида хабар берилганди.






