Чимкентда Ўзбекистон сармояси иштирокида 2 та завод иш бошлайди
Объектлар «Ўнтустик» махсус иқтисодий ҳудудида қурилади.

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида Ўзбекистон иштирокида иккита лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда LS нашри шаҳар ҳокимлигидаги манбасига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, янги объектлар «Ўнтустик» махсус иқтисодий ҳудудида қурилади. Айни пайтда ўзбекистонлик инвестор иштирокида металлни қайта ишлаш заводини қуриш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа қиймати 6,3 миллиард тенге ёки тахминан 14,5 миллион долларга баҳоланмоқда.
«Иккинчи корхонага келсак, уни жорий йилда ишга тушириш режалаштирилган. Махсус иқтисодий ҳудудда 375 миллион тенгега гигиеник қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг қуввати йилига 1,8 минг тонна қоғоз ишлаб чиқаришни ташкил этади», дейилади хабарда.
Аввалроқ Нур-Cултон шаҳрида Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми ва Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтгани, унинг якунида эса 5,9 миллиард долларлик савдо шартномалари ва икки томонлама битимлар имзолангани хабар қилинганди.






