
Чирчиқда кимё-индустриал технопарки ташкил этилади
Технопаркнинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этади.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида кимё-индустриал технопарки ташкил этилади. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Президентнинг 3 февралдаги «Тошкент вилоятида ‘Чирчиқ’ кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ҳокимлиги, «Ўзкимёсаноат» корхонаси ва Татаристон Президенти маъмурияти билан бир қатор келишувларга, жумладан «Химград» корхонаси (Татаристон) билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш ҳақида келишувга эришилган.
«Ўзкимёсаноат»нинг бошқаруви қарорига асосан МЧЖ шаклидаги «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки дирекцияси ташкил қилинган. Технопарк фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:
- юқори қийматга эга бўлган, ташқи бозорда харидоргир ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб қилиш;
- халқаро стандартларга мувофиқ энергия тежамкор, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилган ва экологик хавфсиз ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш;
- Тошкент вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш орқали маҳсулот экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ҳудудда ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
- технопарк иштирокчилари ўртасида ва бутун республика миқёсида мустаҳкам саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатиш орқали маҳаллий хомашё ва материаллар асосида юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш;
- технопарк иштирокчилари учун ягона ишлаб чиқариш инфратузилмасини, шунингдек сертификатлаш, лаборатория, кадрлар тайёрлаш ва бошқа зарур хизматларни кўрсатиш инфратузилмасини яратиш.
Таъкидланишича, технопаркнинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этади.
Шунингдек, технопарк ҳудудида МИЗ учун белгиланган алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиботлари амал қилади. Бунда, Солиқ кодекси ва «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонунда белгиланган солиқ имтиёзлари, шунингдек, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар Технопарк иштирокчилари, Дирекция ва бошқарув компанияси томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан қатъи назар 10 йил муддатга берилади.
Бундан ташқари, технопарк иштирокчиларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қуйидагилар тақдим этилади:
- инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар;
- инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар.
Технопарк «Олмалиқ КМК»нинг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳудудининг ҳамда «Максам-Чирчиқ» корхонасининг 51-сон металли натрий ишлаб чиқариш цехининг жами 31,24 гектар майдонида ташкил этилади.
Шу билан бирга, «Ўзкимёсаноат»нинг устав капиталидаги давлат улушини ошириш ҳисобига қуйидагиларни:
- «Олмалиқ КМК»нинг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасидаги 89 378 кв. метр бино-иншоотларни ва улар жойлашган 25,66 гектар ер майдонларини «Олмалиқ КМК»нинг устав капиталидаги давлат улушини мос равишда камайтириш ҳисобига қолдиқ (баланс) қийматида;
- «Максам-Чирчиқ»нинг 51-сон металли натрий ишлаб чиқариш цехининг 22 923,7 квадрат метр бино-иншоотларини ва улар жойлашган 5,58 гектар ер майдонларини қолдиқ (баланс) қийматида «Ўзкимёсаноат»га бериш амалга оширилади.
Бунда, ўтказилаётган мулк, мулкий ҳуқуқлар, жумладан устав капиталидаги акциялар ва улушлар қиймати солиқ солиш объекти ҳисобланмайди. Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4 февралдан кучга кирди.
Аввалроқ Тошкентдаги бир қатор заводлар Чирчиқ шаҳрига кўчирилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 4 ҳудудида 740 миллион долларлик кимё кластерлари қурилиши ҳақида хабар берилди.






