
Coca Cola, Nestle ва бошқа халқаро брендлар пластик ифлосланишга қарши бирлашди
Компанияларнинг пластик чиқиндиларни камайтириш учун қандай чорани илгари суриши номаълум.

Coca Cola, PepsiCо, Unilever ва Nestle каби 70 дан ортиқ компаниялар пластик ифлосланишига қарши биргаликда курашиш бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, дунё мамлакатлари вакиллари 2022 йил февраль ва март ойларида БМТнинг Атроф-муҳит ассамблеяси конференциясида (UNEA 5.2) учрашади ҳамда у ерда океанларни вайрон қилувчи ва ёввойи табиатни йўқ қиладиган пластик чиқиндилар инқирозини ҳал қилиш бўйича музокараларни бошлайди.
Чиқиндиларни қайта ишлаш ва йўқ қилиш билан боғлиқ келишувга эришиладими ёки компаниялар янги пластмасса ишлаб чиқаришни чеклаш каби қаттиқроқ қадам ташлайдими, ҳозирча аниқ эмас. Экспертлар фикрича, охирги кураш усули нефть ва кимё компаниялари ҳамда АҚШ каби йирик пластмасса ишлаб чиқарувчи давлатлар қаршилигига дуч келади.
«UNEA 5.2 — бу пластик ифлосланиш туфайли юзага келган глобал инқирозни йўқотиш учун ҳал қилувчи ва энг қулай дақиқа. Биз буни ўтказиб юбора олмаймиз», — дейилади компаниялар баёнотида.
Хабарга кўра, пластмасса ишлаб чиқариш кейинги 20 йил ичида икки баравар кўпайиши ва йирик энергетика компаниялари учун асосий даромад манбаига айланиши кутилмоқда. Сабаби, қайта тикланадиган энергия ва электр транспорти ривожланиши фонида қазиб олинадиган ёқилғига талаб пасайиб бормоқда.
Бу тенденция сайёра учун хавфлидир. БМТ маълумотларига кўра, дунёда ишлаб чиқарилган пластик чиқиндиларнинг атиги 10 фоизи қайта фойдаланилади — қолган қисми ёқиб юборилади ёки чиқиндихоналарда чиришга ташланади.
Аввалроқ Unilever компанияси Lipton чой бизнесини сотиши хабар қилинганди.






