«Цемент заводлари ва қатор корхоналар жиддий оқибатларни бошдан кечиради». Иқтисодчилар «блэкаут» бўйича қандай фикрда?
Kommers.uz иқтисодчилар томонидан «блэкаут» бўйича билдирилган фикрларни бир жойга йиғди.

Ўзбекистонда 25 январь куни катта ҳажмда электр токи узилиши кузатилди. Ток ортидан сув ва иссиқлик тизими ҳам ишдан тўхтади. Айни вақтгача республикада ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Kommers.uz иқтисодчилар томонидан «блэкаут» бўйича билдирилган фикрларни бир жойга йиғди.
«Цемент заводлари ва қатор корхоналар жиддий оқибатларни бошдан кечиради»

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, «бугуннинг ўзида унинг товар ва хизматлардаги қиймат оқибатларини кўришни бошладик».
«Бугуннинг ўзида унинг товар ва хизматлардаги қиймат оқибатларини кўришни бошладик. Пойтахтда ва вилоятларда газга мослашган қатор емакхоналар, айниқса ош ва умумий овқатланиш марказлари фаолиятини вақтинча тўхтатди. Агар вақтинча чеклов чўзиладиган бўлса, умумий овқатланиш корхоналари янги вазиятга тезроқ кўникишлари ва муқобил ёқилғидан фойдаланишни бошлашлари керак бўлади», — деб ёзади у.
Бакировнинг қайд этишича, Газ шохобчаларидаги вақтинча чеклов шаҳар таксиси, вилоятлараро йўловчи ташиш, етказиб бериш хизматлари нархларини 15-20 фоизга қимматлаштирди. Новвойхоналар етказиб бераётган нон ва патирлар нархида ҳам ўзгаришлар бор.
«Миллий саноатда газ ва электрни энг кўп истеъмолчиси бўлган цемент заводлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар, текстиль ишлаб чиқариш циклига жиддий таъсир оқибатларини бошдан кечиради», — деб ёзади иқтисодчи.
Унинг фикрича, паррандачилик фермалари, иссиқхоналар, лимонарийлар, озиқ-овқат маҳсулотлари цехларининг иситиш, яратиш ва етиштириш билан боғлиқ харажатлари ошади ва бу товуқ гўштидан тортиб помидоргача албатта таннархда ўтиради.
NERC стандартлари

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг ўйлашича, «блэкаут» воқеалари пайтидаги ҳукуматнинг «тез ва яхши шаклланган коммуникация тактикаси ва кулфатни олдини олишга бўлган ҳаракатлари» келажак учун тайёрланадиган қонунчилик яратилганида тажриба сифатида инобатга олинади.
«Аминманки, келажакда бундай нарсалар қайтарилмаслиги ҳақида керакли чора-тадбирларни кўрганимизда, бугунги кун тажрибаси энг муҳим нуқта бўлади. Инфратузилма борасидаги қонунчилик — қурилиш ва эксплуатацияга оид масалалар, мавжуд қонунчиликка амал қилиниши ва бажаришдаги муаммолар, электр энергия нархларини бозор сиёсатига ҳамоҳанг қилиш ва энг муҳими, ўрта Осиё энергия тизими худди шунга ўхшаш тизим — Шимолий Америка тизимининг асоси бўлмиш NERC стандартларига қараб ислоҳ қилинади. Албатта, бу узоқ ва узун жараён, лекин бугунги кун сабоқлари бу масалаларга жиддий эътибор беришимиз кераклигини эслатмоқда», — деб ёзади иқтисодчи.
«Бир-икки соат узилиш ҳам катта зарар олиб келади»

Kommers.uz изоҳ олиш учун иқтисодчи Миркомил Холбоев билан боғланди. Унинг айтишича, 1-2 соатли узилиш ҳам жуда катта зарар олиб келади.
«Иқтисодиёт деярли тўлиқ электр энергиясига боғланган. Унинг бир-икки соат узилиши эса, албатта, жуда катта зарар олиб келади. Бошқача айтганда, иқтисодиёт ҳозир деярли тўхтаб турибди», — дейди иқтисодчи 25 январь куни Kommers.uz’га.
Ўзбекистонда «блэкаут»
Соат 10:57 да Ўзбекистон бўйлаб электр таъминотида узилишлар кузатилишни бошлади. Узилишлар туфайли Тошкент метрополитени ишдан тўхтади.
Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан тушунтириш берди. Қайд этилишича, 25 январь куни соат 11:00 да энерготизимда йирик носозлик юзага келиб республиканинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Айни пайтда мутахассислар томонидан носозликни тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Кейинчалик Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкентда иссиқ сув ва исситиш таъминотида ҳам узилиш кузатилиши бўйича огоҳлантириш берди.
«Мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида электр энергияси тизимида кузатилган узилишлар боис, иситиш, оқова ҳамда ичимлик сув тармоқларида ҳам узилишлар кузатилишидан огоҳлантирамиз», дейилади хабарда.
Кейинчалик Энергетика вазирлиги Соат 10:57 да Қозоғистон электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олмаота, Шимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр эенергия таъминотида ўчишлар юзага келганини маълум қилди.
Оқибатда Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси ўчган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати огоҳлантириш билан чиқди.
«Ҳурматли фуқаролар электр тармоқларида юзага келган узулишлар сабабли газ ва электр билан боғлиқ кўнгилсиз вазиятларни олдини олиш мақсадида газ ҳамда электр мосламаларини назорат қилишингиз ва тармоқдан вақтинча узиб қўйишингиз сўралади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Mobiuz ва Beeline’да алоқа хизмати ёмонлашиши мумкинлигини қайд этди. Uztelecom станциялар бир неча соат соат «чидаб беришини» айтди.
«Биздаги станцияларда захира аккумуляторлари билан жиҳозланган.Уларнинг қуввати бир неча соат чидаб беради», дейди матбуот хизмати ходими.
Шундан сўнг вазирлик электр станциялар босқичма-босқич ишга туширилаётгани ва ҳудудларда электр таъминоти тикланаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ходжикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистондаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.
Электр узилиши сабаб ёпилган Ўзбекистон минтақавий аэропортлари рейслар учун қайта очилди. Қайд этилишича, Тошкент аэропорти фақат рейсларни қабул қилиш учун ишлайди.
«Минтақавий аэропортлар рейсларни қабул қилиш ва беришни бошлади», дейилади хабарда.
Humo ва Uzcard тўлов тизимлари электр узилиши иш фаолиятига таъсир кўрсатмаслигини маълум қилди.
Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги электр узилиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида Kommers.uz’га изоҳ берди.
«Вазиятни тезда тикланишига боғлиқ. Айни пайтда ҳудудларда электр энергиясини тиклаш ишлари бошланган. Барча ҳисоб-китоблар ҳар бир тармоққа ҳақиқий таъсирни ўрганилидан сўнг амалга оширилади», дейди вазирлик вакили.
Шундан сўнг Президент топшириғи билан электр узилиши бўйича хукумат комиссияси тузилди.
Эксперт Бобур Обидов нақд пулга бўлган эҳтиёжнинг ортиши, банкоматларга навбатлар ва масофавий банк хизматлари муаммолари бўйича Kommers.uz’га изоҳ берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги электр узилишини шахсан назоратга олди.
Кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди.
Қозоғистон ягона энергетика тизимида 21 январдан электр токи бўйича вазият кескин бўлгани маълум қилинди. Bugun.uz манбалари «Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси»нинг огоҳлантириш хатини тақдим этди.
«Ҳозирда Қозоғистон ягона энергетика тизимида электр қуввати ва қувват балансини сақлаш бўйича кескин вазият сақланиб қолмоқда», дейилади Kommers.uz манбалари тақдим этган хатда.
Шу муносабат билан, мавжуд вазиятни сақлаб қолган ҳолда, 2022 йил 24 январдан 31 январгача бўлган даврда рақамли майнинг билан шуғулланувчи шахсларга режалаштирилган электр энергиясини етказиб бериш тўлиқ бекор қилинган. Хат «Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси» вакили Бекжан Мукатов томонидан имзоланган.
Kommers.uz’нинг Ўзбекистон томонидаги манбаси айтишича, бу — Қозоғистон томонидан йўл қўйилган катта масъулиятсизлик.
«Шериклар томонидан ташланган жуда ва жуда масъулиятсиз қадам, бу электр ҳалқаси бўйича келишув шартлари ва мажбуриятларини текширишга арзийди», — дейди манба.
Манба шунингдек, тўсатдан кўп миқдорда электр токи кўтарилганини айтди.
«Тўсатдан кўп миқдорда электр токи кўтарилди. Бизнинг тизимларимиз кучланиш блокига мувофиқ ишлади ва шундагина ҳеч нарса ёниб кетмади. Улар мамлакатга энергия етказиб беришни тўхтатди», — дейди манба.






