
Долларда пул жамғарган маъқулми ёки сўмда?
Kommers.uz 2021 йилги кўрсаткичлар бўйича маълумот беради.

Ўзбекистонда 2021 йилда АҚШ долларида жамғарма очганлар кўпроқ даромад олдими ёки сўмда очганларми? Kommers.uz бу бўйича маълумот беради.
Мамлакатда қайси валютада жамғарма фойдалироқ бўлганини Марказий банк берган бир қатор маълумотлар орқали ҳисоблаб топса бўлади.
Тасаввур қилинг, 2021 йил бошида 1000 доллар эквивалентидаги маблағи бор икки нафар одам банкда ўз жамғармасини очди. Фақат уларнинг бири ҳорижий валюта бўлган АҚШ долларида, иккинчиси эса миллий валюта бўлган сўмда пул жамғаришни ният қилди.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январь куни 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 10 минг 476 сўм 92 тийин бўлган. Яъни биринчи одамнинг жамғармаси 1000 доллар маблағ билан очилган бўлса, иккинчисиники 10 миллион 476 минг 920 сўм билан очилган.
2021 йилнинг январ ойида депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси миллий валютадаги омонатлар учун 17,6 фоизни, ҳорижий валютадаги омонатлар учун 3,9 фоизни ташкил этган.
Бу орқали ҳисобланадиган бўлса, бир йилдан сўнг биринчи омонатчи ўз маблағидан 39 доллар, иккинчи омонатчи эса 1 миллион 843 минг 937 сўм 92 тийин даромад қилган бўлади.
Кўрсаткичларни солиштириш учун икки даромадни бир хил валютада акс эттириш керак. 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, 1 АҚШ доллари 10 минг 837 сўм 66 тийин бўлган.
Демак, биринчи омонатчининг 1039 (1000+39) АҚШ доллари маблағининг қиймати 11 миллион 260 минг 328 сўм 74 тийинни ташкил этган.
Иккинчи омонатчининг маблағи эса 12 миллион 320 минг 857 сўм 92 тийинга етган (10 миллион 476 минг 920 сўм+1 миллион 843 минг 937 сўм 92 тийин).
Бундан келиб чиқадики, 2021 йил 1 январда ўзининг 1000 АҚШ долларига тенг маблағини миллий валютада омонатга қўйган одам ҳорижий валютада омонатга қўйган одамга қараганда 1 миллион 60 минг 529 сўм 18 тийин кўпроқ даромад олган.




