Электр энергияси ва табиий газ таъминоти бўйича истеъмолчиларга имтиёз берилади
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан электр энергияси ёки газ узоқ вақтга ўчирилса, истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилинади. Шунингдек, бошқа бир ҳолатда истемолчиларга харажатларини қисқа муддатда қоплаб бериш тартиби белгиланмоқда

Адлия вазирлиги томонидан электр энергияси ва табиий газ таъминоти бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистонда электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда қонунчилик ҳужжатлари билан ўрнатилган тўловларни бекор қилинади. Шу билан бирга, электр энергияси ва табиий газни етказиб беришни чеклаш ва узиб қўйиш билан боғлиқ қоидалар фақат шартномада кўрсатилиши белгиланмоқда.
Маълум қилинишича, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари сифатида умумий фойдаланишдаги энергия тармоқларини ўз маблағлари ҳисобидан таъмирлаганда ёки тиклаганда, энергия таъминоти ташкилотидан ушбу ҳаражатларни қисқа муддатда қоплаб берилишини талаб қилиш ҳуқуқи киритилмоқда.
Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш сифатсиз бўлса ва (ёки) Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган узилиши йўл қўйилиши мумкин бўлган давомийликдан ортиқ бўлган узилишларда электр энергияси учун тўловлар қайта ҳисоблаб чиқилади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Адлия вазирлигига икки ой муддатда электр энергияси ва табиий газ етказиб беришни чеклаш ва тўхтатиш тартибини бузганлик учун энергия таъминоти ташкилотларига нисбатан маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.





