Энергетика вазирлиги ва «Газпром» ўртасида имзоланган «йўл харитаси» бўйича маълумот берилди
Энергетика вазирлиги ва «Газпром» ўртасида имзоланган «йўл харитаси»га мувофиқ ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи Ўрта Осиё—Марказ газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганишни келишиб олган
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасида 24 январь куни газ соҳасида ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилди ва унда Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, имзоланган «йўл харитаси»га мувофиқ томонлар ўртасида тузилган ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи Ўрта Осиё—Марказ газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганишни келишиб олган.
Шунингдек, ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади.
«Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда ‘йўл харитаси’да Ўзбекистоннинг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда, газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ. Келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилади», дейилади хабарда.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда 100 дан ортиқ АЁҚШга бензин етказиб бериш тўхтатилди. Бу тадбиркорга зарарми ёки истеъмолчига?
Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти Ўзбекистон Республикасида ишчи ташриф билан бўлиб турган «Петронас Чаригали (Туркманистон) Сдн Бхд» компанияси делегацияси аъзолари билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Музокаралар якунида томонлар 2023 йилда Туркманистондан Ўзбекистонга нефть етказиб бериш дастурини биргаликда тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди