Энг кўп контракт тўлаган ҳокимликлар, Ўзбекистондаги иккинчи йирик ГЭС ва қидирилаётган 3 минг фуқаро — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади

Яқин соатларда 2021 йилнинг 25 ноябрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Контракт тўлаш муддати узайтирилади
Ўзбекистонда тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун тўловларни амалга ошириш муддати узайтирилиши кутилмоқда. Маълум қилинишича, талабалар ва уларнинг ота-оналари мурожаатларини инобатга олиб, тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар ҳамда ўқишини бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига кўчираётган талабалар учун контракт тўловларини амалга ошириш муддатини узайтириш бўйича вазирлик томонидан тегишли таклифлар тайёрланган.
Ҳозирда тўлов муддати узайтирилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, давлат олий таълим муассасалари бакалавриати ва магистратурасига тўлов-контракт, шу жумладан табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун тўловларни амалга ошириш муддати 2021 йилнинг 20 ноябрь санаси этиб белгиланган.
Осонлаштирилиши кутилаётган IMEI жараёни
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун янада осонлаштириш йўлларини топиш кераклигини айтди.
«IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун янада осонлаштириш йўлларини топишимиз ва унга кўра, фуқаролар хизматлардан осон ва қулай фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак. Бунинг учун барча чораларни кўриш зарур», — деди АТКР вазири.
Шунингдек, тақдимотда соҳа раҳбарлари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, бу борадаги мавжуд муаммоларни биргаликда ўрганиш ва ҳал этиш учун зарурлигини ҳам таъкидлаган.
Энг кўп контракт тўлаган ҳокимликлар
«Талабага мадад» — талаба-ёшларнинг контрактини тўлаб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича энг фаол ҳокимликлар рейтинги эълон қилинди. Рўйхатни Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев тақдим этди.
Унга кўра, талабалар сонига нисбатан энг кўп талабанинг контракт пулини тўлаб берган ҳокимликлар орасида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги етакчилик қилган (242 нафар талаба). Шунингдек, тўлов-контракт миқдорига нисбатан энг кўп маблағ тўлаб берган ҳокимликлар орасида Навоий шаҳри ҳокимлиги етакчи.
Талабалар сонига нисбатан:
- Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги — 242 нафар (662,7 миллион сўм);
- Навоий шаҳри ҳокимлиги — 176 нафар ( 807,2 миллион сўм);
- Кармана тумани ҳокимлиги — 160 нафар (594,5 миллион сўм);
- Жиззах шаҳри ҳокимлиги — 135 нафар (211,6 миллион сўм);
- Касби тумани ҳокимлиги — 121 нафар ( 456,5 миллион сўм);
- Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги — 117 нафар (481,3 миллион сўм);
- Юнусобод тумани ҳокимлиги — 114 нафар (636,8 миллион сўм);
- Фарғона шаҳри ҳокимлиги — 111 нафар (506,8 миллион сўм);
- Нукус шаҳри ҳокимлиги — 108 нафар (262,7 миллион сўм);
- Асака тумани ҳокимлиги — 105 нафар (453,5 миллион сўм).
Тўлов-контракт миқдорига нисбатан:
- Навоий шаҳри ҳокимлиги — 807,2 миллион сўм (176 нафар);
- Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги — 662,7 миллион сўм (242 нафар);
- Юнусобод тумани ҳокимлиги — 636,8 миллион сўм (114 нафар);
- Кармана тумани ҳокимлиги — 594,5 миллион сўм (160 нафар);
- Янги ҳаёт тумани ҳокимлиги — 521,2 миллион сўм (87 нафар);
- Олмазор тумани ҳокимлиги — 513,3 миллион сўм (89 нафар);
- Фарғона шаҳри ҳокимлиги — 506,8 миллион сўм (111 нафар);
- Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги — 481,3 миллион сўм (117 нафар);
- Чилонзор тумани ҳокимлиги — 478,6 миллион сўм (51 нафар);
- Андижон тумани ҳокимлиги — 458,1 миллион сўм (82 нафар).
Алишер Саъдуллаевнинг ёзишича, республика бўйича 6 та туманда лойиҳа доирасида мурожаат қилган талабаларнинг бирортасига контракт пуллари тўлаб берилмаган. Ёшларнинг манфаати учун бу бўйича тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.
«Талаба-ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур тизимни тушуниб, ёшлар билан ишлашга ҳаракат қилиб, уларнинг муаммоларини тинглагани, талабаларга илм олишида кўмак бергани учун ушбу ҳокимликларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз! Бу тизимни янада такомиллаштириш устида ишлаяпмиз, жараён ҳали давом этади», деб ёзади агентлик директори.
Усмоновнинг менежери — Nataly S эгаси
Миллиардер Иван Стрешинский ва унинг рафиқаси Наталья узунлиги 38,36 метр бўлган Nataly S яхтасининг эгалари бўлиб чиқди. Бу ҳақда Forbes’га яхталар бозоридаги манбаси маълум қилди.
Тахминан 17 миллион долларлик ҳашаматли 38 метрли яхта эгаси — Наталья Стрешинская шарафига номланган. Мотор яхта 2020 йил Ferretti Group таркибига кирувчи Италиянинг Custom Line кемасозлик заводида ясалган. Қайиқнинг кенглиги 7,61 метр, «осадка» 2,13 метр, оғирлиги 271 брутто тонна. Кеманинг ички қисми ва дизайни Франческо Пасковски томонидан ишлаб чиқилган.
Наталья Стрешинская — таниқли блогер Тетя Мотя 2021 йилнинг ёзида ушбу кемадан ўзининг фотосуратлари ва видеоларини юклашни бошлади.
«Custom Line яхталари, айниқса, руслар ва МДҲ давлатларидан келганлар орасида, биринчи навбатда, ташқи ўлчамига нисбатан катта ички ҳажми туфайли машҳурдир», — дейди Yacht Harbour асосчиси Дмитрий Семенихин.
Унинг сўзларига кўра, бундай яхта амалда янги экани ҳисобга олинса, бугунги кунда тахминан 15 миллион евро (17 миллион доллар)га тушиши мумкин.
Ўзбекистондаги иккинчи йирик ГЭС
Тошкент вилоятидаги Пском дарёси тўсиб қўйилди. Ўзбекистондаги иккинчи йирик ГЭС қурилмоқда. ГЭС йиллик 950 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 250 миллион метр куб табиий газни тежаш имконини беради. ГЭС йирик объектлардан бири бўлиб, Тошкентдан шимоли-шарқда 120 километр масофада, Чорвоқ сув омборидан 45 километр тепада жойлашган.
ГЭСнинг электр энергия имконияти 400 МВтни ташкил этади. Катталиги бўйича «Чорвоқ ГЭС»дан кейинги иккинчи ўринда туради. Шунингдек, ГЭС йилига 950 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва электр энергия етказиб берувчи энг керакли манба ҳисобланади.
Янги авиакомпания
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Uzbekistan Airports Silk Avia минтақавий шўъба авиакомпаниясини ташкил этмоқда. Янги авиаташувчи келаси йилдан парвозларни бошлашни режалаштирган.
Silk Avia авиакомпанияси шу йилнинг сентябрь ойида рўйхатга олинган ва 14–18 ноябрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Dubai Airshow-2021 кўргазмаси доирасида Uzbekistan Airports ва HAS Aviation GT ўртасида авиаташувлар стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзоланган эди.
Таъкидланишича, Silk Avia ўзини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиаташувчисига рақобатчи сифатида кўрсатмайди, балки ички ташишларни ташкил этишда ҳамкор сифатида ишлайди.
Қидирилаётган 3 минг фуқаро
Ўзбекистонда Мажбурий ижро бюроси томонидан 3000 нафардан кўпроқ қарздор изланяпти. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда бюронинг матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.
Хабар берилишича, Мажбурий ижро бюросининг тезкор-қидирув фаолияти натижасида 2021 йилнинг ўтган даврида қарздорлиги туфайли 7800 дан зиёд жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, шундан 4,5 мингдан (58 фоиз) ортиғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган.
Қайд этилишича, бюро томонидан 3264 нафар қарздор қидириляпти. Уларнинг 2149 нафари республика ҳудудида яширинган, 1115 нафари эса чет элга чиқиб кетган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






