Энг кўп смартфон сотган компаниялар рейтинги, тадбиркорлар учун енгилликлар ва кўчмас мулк бозоридаги вазият — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2022 йилнинг 31 январь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Энг кўп смартфон сотган компаниялар рейтинги
Дунёда 2021 йилда дунё смартфонларнинг сотилиши 4 фоизга ўсиб, 1,4 миллиард донага етди.
Samsung ишлаб чиқарувчилар орасида беш йил давомида савдо лидери бўлиб қолмоқда. 2021 йилда компания 2020 йилги қарийб 255,7 миллионлик кўрсаткичга нисбатан 270,7 миллионта смартфон сотди (+ 6 фоиз).
Иккинчи ўринда 237,9 миллионта смартфон сотуви билан Apple бормоқда. Учликни энг юқори ўсиш динамикасини намойиш этган Xiaomi ёпди. Компания савдо ҳажмини бир йил аввалги 145,7 миллион донадан 2021 йилда 190,4 миллион донагача — 31 фоизга оширди.
Дунё бўйича 2021 йил энг кўп смартфон сотган компаниялар:
- Samsung — 270,7 миллион дона;
- Apple — 235,7 миллион дона;
- Xiaomi — 190,4 миллион дона;
- OPPO — 133,5 миллион дона;
- Vivo — 128,3 миллион дона.
«Apple компаниясининг iPhone смартфонлари сотувлари 9 фоизга ўсиб, 71,6 миллиард долларни ташкил этди», — дея изоҳ берди бош директор Тим Кук.
Унинг сўзларига кўра, ўсишнинг асосий чеклови таъминот занжиридаги чекловлардир. Бу баъзи бозорларда талаб таклифдан ошиб кетишига олиб келади.
Тадбиркорлар учун енгилликлар
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил 2022 йил 1 февралдан тадбиркорлар учун қандай ўзгаришлар кучга кириши ҳақида ахборот эълон қилди.
Маълум қилинишича, 1 февралдан тўқимачилик, тикув-трикотаж корхоналарига субсидия ва кредитлар ажратилади. Шунингдек, нодавлат таълим ташкилотлари таълим жараёнида фойдаланадиган бино ва иноотлари ижара тўлови харажатларининг бир қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Қайд этилишича, 2025 йил 1 январга қадар балиқ етиштириш соҳасида айрим солиқ имтиёзлари берилди.
Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизи Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади.
Кўчмас мулк бозоридаги вазият
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2021 йилда кўчмас мулк олди-сотдисини таҳлил қилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори сезиларли даражада ошган. Жумладан, 2021 йилда 248,2 минг дона кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилган бўлиб, бу 2020 йилга (216,2 минг дона) нисбатан 14,8 фоизга ошган (2020 йилдаги ўсиш — 11,7 фоиз).
Ҳудудлар кесимида 2020 йилга нисбатан кўчмас мулк бозорида олди-сотдилар сони фақатгина Тошкент вилоятида (0,9 фоизга) камайган. Шунингдек, Наманган (48,6 фоиз), Бухоро (41,1 фоиз), Андижон (39,8 фоиз), Фарғона (33,6 фоиз) вилоятларида эса йиллик ўсиш кузатилган.
Таъкидланишича, кўчмас мулк бозорида олди-сотдилар сони ҳар йил декабрь ойида сезиларли даражада ошади. 2020 йил декабрда ўсиш суръати 20,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилнинг декабрида 79,3 фоизга етган эди.
Қайд этилишича, 2021 йилда тижорат банклари томонидан 59,6 минг нафар фуқарога 9,8 триллион сўм (нисбатан ўсиш 7,7 фоиз) миқдорида ипотека кредитлари ажратилган (2020 йилда — 9,1 триллион сўм).
Шундан, 2,4 триллион сўм иккиламчи бозордан уй сотиб олиш учун берилган бўлса, 7,4 триллион сўм бирламчи бозор учун тақдим этилган. 2022 йил 1 январь ҳолатига ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 триллион сўмни ташкил этган.
Энг харидоргир моделларга шартнома беришни тўхтатган UzAuto Motors
Ўзбекистонда 2022 йил 1 февралдан Cobalt, Spark, Nexia ва Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилиш қайта тикланмайди.
Маълум қилинишича, UzAuto Motors 1 февралдан бошлаб мижозларга компаниянинг энг харидоргир моделлари ҳисобланган Cobalt, Spark, Nexia ва Lacetti автомобилларини сотиб олиш бўйича шартнома тузишни қайта тикламайди. Шунингдек, жараённинг қачон бошланиши номаълум.
Қайд этилишича, компания 2021 йил 20 декабридан 2022 йил 1 февралигача муддатда Cobalt, Spark, Nexia ва Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатиб, барча «куч-ғайрати»ни олдиндан буюртма қилинган автомобилларни ишлаб чиқаришга қаратишини маълум қилганди. Бунга сабаб сифатида бутун дунё бўйлаб яримўтказгичларни етказиб беришда узилишлар юзага келгани келтирилган.
Ўзбекистон энг кўп автомобиль импорт қилган давлатлар
Давлат статистика қўмитаси 2021 йил Ўзбекистон энг кўп автомобиль импорт қилган давлатларни маълум қилди.
Унга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон енгил автомобилларни энг кўп импорт қилган давлатлар:
- Хитой — 8880 та;
- Корея — 6472 та;
- Россия — 4539 та;
- Қозоғистон — 4470 та;
- Польша — 1 204 та;
- АҚШ — 490 та;
- Литва — 428 та;
- Таиланд — 250 та;
- Германия — 115 та;
- Япония — 97 та.
Меҳмонхона бўйича камайтирилган солиқ ставкаси
Ўзбекистонда тадбиркорларга меҳмонхона бўйича ер ва мол-мулк солиғи ставкаси 90 фоизга камайтирилади. «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, тадбиркорларга 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача меҳмонхона ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари бўйича:
- ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 90 фоизга камайтирилади;
- фойда солиғини ҳисоблашда биноларнинг қиймати 2 йил амортизация харажатлари сифатида чегириб ташланади.
Шунингдек, 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача 28 та туман ва шаҳарларда умумий овқатланиш, меҳмонхона, савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлар учун:
- айланмадан олинадиган солиқ – 1 фоиз;
- мол-мулк ва ер солиғи ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Қолаверса, 2022 йил 1 июлдан мазкур туманлар ва шаҳарларда туризм объектларини қуриш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдосига чиқариш тартиби жорий этилади.
Ўзбекистонда ягона энергоҳалқа
Ўзбекистонда 500-750 киловольтли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини ҳосил қилиш режалаштирилмоқда.
Маълум қилинишича, ягона энергетика тизими 220-500 киловольтли магистрал электр тармоқлар орқали тўлиқ ҳалқалаштирилмаган. Шимоли-Ғарбий ва Жануби-Ғарбий энергоузелнинг асосий қисмида 500 киловольтли тармоқлар йўқ. Баъзи магистрал тармоқлар қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтган.
Шу боис, мамлакатда 500-750 киловольтли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини ҳосил қилиш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2026 йилга бориб, жами генерация қувватларини 27 минг 400 мегаваттга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 110 миллиард киловатт соатга етказиш мўлжалланган.
«Шунда юртимизнинг барча ҳудудлари 500-750 киловольтли тармоқлар орқали мустаҳкам боғланади ва бир бутун тизим яратилади», дейилади хабарда.
Шунингдек, Президент электр энергияси тизимини ислоҳ қилиш, қўшни давлатлар билан соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Электр энергияси қувватларини ошириш ҳамда уни етказиб беришни автоматлаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берилди.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






