Енгил конструкцияли савдо фаолияти учун талаблар соддалаштирилади
Вазирлар маҳкамасининг қарори билан айрим ташкилотларга ўзларига берилган бўш ер участкаларида кўчма савдо жойларини ташкил этишга рухсат берилди

«Вазирлар Маҳкамасининг Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўгрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан:
- кўчмас ва енгил конструкцияли савдо фаолияти учун талаблар соддалаштирилади;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ободонлаштириш, йўл ташкилотлари ва бошқаларга ўзларига берилган бўш ер участкаларида кўчма савдо жойларини ташкил этишга рухсат берилади.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ҳамда вақтинча фойдаланилмаётган ер участкалари, шунингдек, туман (шаҳар) захирасидаги ер участкалари кўчмас савдо объектларини ташкил қилиш учун электрон онлайн-аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига 36 ойгача (кўпи билан 120 ойга) муддатга, шунингдек, мавсумий кафеларни ўрнатиш учун ижарага берилиши мумкин бўлади.
Аввалроқ президент кўчма ва енгил конструкцияли савдо фаолияти учун талабларни соддалаштириш вазифасини қўйганди. Жумладан, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, маҳалла, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига ўз ер майдонларида мавсумий кафе ва савдо нуқталарини ташкил этишга рухсат берилади. Бунда кўчма савдо объэктларини иш куни якунлангач, кўчириш бўйича мажбурий талаб бекор қилиниб, тадбиркорларга мобил контейнерлар ўрнатиш ҳуқуқи берилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия тайинлашнинг янги тартиби тасдиқлангани ҳақида хабар қилинганди.






