Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик. Ўзбекистон бундан нима олади?
Жамшид Қўчқоров Москва форумида ЕОИИ билан ҳамкорлик ҳақида гапирди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Москвада бўлиб ўтган Евросиё конгрессида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик қилиш тарафдори эканини, қўшни давлатлар билан савдо айланмаси ўсиб бораётганини таъкидлаган. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.
Қайд этилишича, Москвада Иккинчи Евроосиё Конгресси бўлиб ўтмоқда. Ялпи мажлисда ҳукумат, бизнес ва илм-фан вакиллари Евроосиё минтақасини қандай ривожлантириш бўйича фикр алмашган.
Хабарга кўра, форумда Ўзбекистондан вакил сифатида республика бош вазири ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этган.
Муҳокама чоғида Евроосиё тараққиёт банки раиси Николай Подгузов Ўзбекистон ЕОТБга аъзо бўлиш учун ариза берганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ушбу сўровни банк акциядорлари билан кўриб чиқиш «юқори босқичда».
«Банкимиз 2011 йилдан бери биринчи марта Ўзбекистондек обрўли ва қудратли акциядор ҳисобига кенгайишни кутмоқда», — дейди Евроосиё тараққиёт банки бошқарув раиси Николай Подгузов.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари республика ва ЕОИИ ўртасидаги ҳамкорликнинг энг устувор йўналишларини маълум қилди:
- Транспорт инфратузилмаси. Ўзбекистон денгизга чиқа олмаганлиги сабабли, бу борадаги ҳамкорлик катта қизиқиш уйғотади.
- Сув ресурслари. Республика сув манбаларига эга қўшнилар билан яхши муносабатларга эга. Республика бошқа соҳалар қатори энергетика соҳасида ҳам ҳамкорлик қилиш ниятида.
- Саноат кооперацияси. Ўзбекистон саноат кооперацияси тўғрисидаги битимни тайёрлаш таклифи билан чиқди. Ҳужжат лойиҳаси аллақачон тайёр.
- Молиявий сектор. Ўзбекистон ўзининг молиявий хизматлари бозорини очмоқда — масалан, мамлакатда Қозоғистон банки фаолият юритмоқда ва иккита давлат банкини Россия банкларига сотиш муҳокама қилинмоқда.
- Меҳнат ресурслари. Одамлар мобил бўлади — бу Ўзбекистон учун жуда муҳим.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш тарафдори, қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми ошиб бормоқда.
«2020 йилда республика иқтисодиёти 1,7 фоизга ўсди. Бу йил Халқаро валюта жамғармаси ўсишни 6,1 фоиз деб баҳоламоқда, аммо биз ўсиш 6,5 фоиздан ошади деб ўйлаймиз», — дейди Жамшид Қўчқоров.
Аввалроқ Тошкентда 10 ноябрдан 12 ноябрга қадар Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича тренинг ва семинар ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.






