Европа Иттифоқи Африкага иқлим ўзгаришига мослашиш учун кўмаклашади
Европа Иттифоқи иқлим ўзгаришига мослашиш учун Африкага 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратади. Ушбу маблағлар иқлим хатарлари ҳақида маълумот тўплаш, яқинлашиб келаётган офатлар ҳақида эрта огоҳлантириш тизимларини кучайтириш ва иқлим ўзгаришини бартараф этиш учун маблағларни, шу жумладан хусусий маблағларни тўплашга ёрдам бериш ишларига йўналтирилади

Европа Иттифоқи ва унинг бир қанча аъзо давлатлари иқлим ўзгаришига мослашиш учун Африкага 1 миллиард доллардан ортиқ ёрдам беради. Бу ҳақда Еврокомиссия ижрочи вице-президенти Франс Тиммермансга таяниб, «Interfax» хабар берди.
«Европа Иттифоқи ва тўрт аъзо давлат – Франция, Германия, Нидерландия ва Дания – Африкада мослашишни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратади», деди Тиммерманс.
Тиммерманс берган баёнотда, бундай ташаббусдан иқлим хатарлари ҳақида маълумот тўплаш, яқинлашиб келаётган офатлар ҳақида эрта огоҳлантириш тизимларини кучайтириш ва иқлим ўзгаришини бартараф этиш учун маблағларни, шу жумладан хусусий маблағларни тўплашга ёрдам бериш учун ишлатилиши керак. Бундан ташқари, ажратилаётган маблағлар муқаррар хавфлардан суғурталаш механизмларини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, у иқлим ўзгаришидан кўрилган йўқотишлар ва зарарларга ҳам эътибор қаратди.
«Бугун Европа Иттифоқи ва ЕИ давлатлари томонидан эълон қилинган пулнинг бир қисми ҳам йўқотишлар ва зарарларни қоплашга йўналтирилади. Айрим аъзо давлатларимиз томонидан бу борада аллақачон ваъдалар берилган», – деди Тиммерманс.




