Европа Иттифоқи Россиянинг SWIFT тизимидан узиладиган банклари рўйхатини тайёрлади
«Сбербанк» ва «Газпромбанк» рўйхатга киритилмаган.

Европа Иттифоқи Россиянинг еттита банкини SWIFT халқаро банк тўлов тизимидан узиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда таклиф лойиҳасига таяниб Bloomberg хабар берди.
SWIFT’дан узилиши мумкин бўлган банклар рўйхатига «ВТБ», «Промсвязьбанк», «Совкомбанк», «Откритие» банки, «Россия» банки, «Новикомбанк» ва Россия давлат ривожланиш корпорацияси — «ВЭБ.РФ» киради. Қайд этилишича, «Сбербанк» ва «Газпромбанк» бу рўйхатга киритилмаган.
Таъкидланишича, якуний рўйхат бошқа юрисдикциялар, жумладан АҚШ билан келишилганидан кейин тасдиқланади.
Россиянинг Украинани демилитаризация қилиш бўйича махсус операцияси фонида Ғарб давлатлари Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Европа Иттифоқи ҳар қандай рус самолётининг ўз ҳудуди устидан парвозини, қўниши ва ҳавога кўтарилишини, шунингдек, Россияга фуқаролик самолётлари ва эҳтиёт қисмларини етказиб беришни тақиқлади.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг захиралари ва активларини бошқариш бўйича операцияларни тақиқлагани маълум бўлди. Европа давлатлари Россия банки билан операцияларни фақат шошилинч зарурат бўлганда амалга ошириши мумкин. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Россия банки молиявий захираларининг деярли ярми музлатилишини айтди.
Россия Европа чекловларига жавоб қайтаришга қарор қилди ва федерация ҳудудида парвозларни тақиқлади. Марказий банк асосий ставкани рекорд даражадаги 20 фоизга оширди ва акциялар савдосини тўхтатди. Молия вазирлиги экспортчилардан валюта тушумларининг 80 фоизини сотишни талаб қилди.
Бундан ташқари, Россия расмийлари янги санкциялар жорий қилинган тақдирда уларда ҳаракат режаси борлигини ва жавоб чораларини тайёрлаш устида иш олиб борилаётганини қайд этди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Ғарб санкцияларига ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда жавоб беришини айтди.
Аввалроқ Россияда мамлакатдан ташқаридаги ҳисоб рақамларга чет эл валютасини киритиш тақиқлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Россия Марказий банки санкциялар остида қолган банкларни қўллаб-қувватлаш чораларини эълон қилгани ҳақида хабар берилди.






