Европа Иттифоқи WhatsApp’га ультиматум қўйди
Европа Комиссияси фойдаланувчилар янги қоидаларга розилик бериш ёки рад этиш оқибатларидан хавотирда.

Еврокомиссия WhatsApp мессенжерига хизматдан фойдаланишнинг янги қоидалари туфайли ультиматум қўйди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Адлия ва қонун устуворлиги бўйича Европа комиссари Дидье Рейндерс баёнотига таяниб хабар берди.
Ташкилот WhatsApp’га мессенжернинг фойдаланиш шартларига киритган ўзгаришларига аниқлик киритиш ва уларни Европа Иттифоқининг фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигига мувофиқлаштириш учун бир ой муддат берди.
«Whatsapp февраль ойининг охиригача бизни қизиқтирган нарсалар бўйича аниқ таклифлар билан қайтиб келади», — дейди Рейндерс.
Европа Комиссияси фойдаланувчилар янги қоидаларга розилик бериш ёки рад этиш оқибатларидан, шунингдек, уларнинг маълумотларига ким кириши мумкинлигидан хабардор эмаслигидан хавотирда.
«WhatsApp фойдаланувчиларнинг нимага рози эканликларини ва уларнинг шахсий маълумотларидан қандай фойдаланилишини очиқлаши керак», — дейди у.
WhatsApp Европа расмийларини маълумотлар махфийлиги туфайли биринчи марта ғазаблантирмаяпти. Ирландиянинг маълумотларни ҳимоя қилиш комиссияси 2021 йил мессенжерни Европа Иттифоқининг махфийлик қоидаларини бузгани учун 225 миллион евро миқдорида жаримага тортган эди.
Аввалроқ WhatsApp бизнес-версиясида янги қидирув функцияларини тақдим этганди.






