Европа Комиссияси газ ва ядро энергиясини «яшил» тоифага киритди
Қарор сармоялар оқимини тезлаштиришига қаратилган.

Европа Комиссияси (ЕК) 2045 йилгача атом электр станцияларини қуришга рухсат берди, шу билан бирга ядровий реакторлар юқори хавфсизлик стандартларига жавоб бериши керак. ЕК ядровий энергияни «яшил манба» сифатида таснифлади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
«Ядро реакторлари юқори хавфсизлик стандартларига жавоб бериши керак ва 2045 йилдан кечиктирмай қурилишга рухсат олиши керак», — дейилади Европа Иттифоқи ҳужжатида.
«Яшил» энергия манбаларга қуёш энергияси, геотермал энергия, водород, шамол энергияси, гидроэнергетика ва биоэнергия кабилар ҳам киритилган. Euronews’нинг ёзишича, турли хил баҳсли ва қарама-қарши фикрларга қарамай Европа Комиссияси газ ва ядро энергиясини «яшил» тоифага киритган.
«Биз зарарли энергия манбаларидан босқичма-босқич воз кечишни тезлаштиришимиз, асосан қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланган энергия аралашмасига ўтишимиз керак. Аммо Европа Иттифоқининг турли давлатлари ҳар хил бошланиш нуқталарига эга.
Шундай қилиб, оғир шароитларда газ ва ядро энергетикаси ўтиш даврида ‘яшил’ энергия тизимига кўприк бўлиб хизмат қилиши мумкин», — дейди Европа Комиссияси раҳбари ўринбосари Валдис Домбровскис.
Унинг сўзларига кўра, ЕК ҳужжати «айниқса, ушбу ўн йилликда Европа Иттифоқига зарур бўлган хусусий сармоялар оқимини тезлаштиради».





