Европадаги газ омборлари 85 фоизга бўшади
Газ иншоотларида қолган захира ҳажми февраль ойидаги минимал қийматдан 2,7 миллиард куб метрга камдир.

Февраль ойида Европадаги ер ости газ омборлари 85 фоизга бўшади. Обморлар 2021 йилнинг ёзида тўлдирилганди. Бу ҳақда «Газпром» Gas Infrastructure Europe маълумотларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, 3 февраль ҳолатига кўра, Европа газ омборларида 2021 йилнинг шу вақтига нисбатан 27 фоиз ёки 13,4 миллиард куб метрдан камроқ газ қолган. Газ иншоотларида қолган захира ҳажми февраль ойидаги минимал қийматдан 2,7 миллиард куб метрга камдир.
«Газпром»га кўра, Украина газ омборларидаги заҳиралар ҳам камайиб бормоқда ва аллақачон 11,2 миллиард куб метрга етган. Бу 2021 йилга нисбатан 46,5 фоизга камдир.
Маълумот учун, Россиянинг Европага газ экспорт 2021 йилнинг ўрталаридан қисқара бошлади, 2022 йил бошидан эса ушбу тенденция фаоллашди. Бироқ 1 февраль куни «Газпром» Украина орқали Европага газ транзитини икки баравар оширди. Шу фонда Европада газ нархи минг куб метр учун 900 доллардан пастга тушди.
Аввалроқ Европа омборларида сақланаётган газ ҳажми 40 фоиздан пастга тушгани хабар қилинганди.






