
Фарғонада 183 та инвестиция лойиҳасини молиялаштиришга қўшимча 23 млн доллар ажратилади
Йиғилишда бош вазир ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар ўз тизимини қуйи бўғинда ишлатиш бўйича халққа ҳисобот берди.

Фарғона вилояти тадбиркорларининг 183 та инвестиция лойиҳасини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча 23 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида ўтказилган вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда маълум қилди.
Президект матбуот хизматининг ёзишича, йиғилишда бош вазир ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар ўз тизимини қуйи бўғинда ишлатиш бўйича халққа ҳисобот берган.
Вилоятда 2022-2023 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 31 триллион сўм бўлган 1 минг 268 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши қайд этилди. Бунда кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, чарм, фармацевтика тармоқлари «драйвер» бўлади.
«Биз Фарғонадан катта натижалар кутамиз. Бу эл тарихдан илм, тартиб, маданият, ҳунармандлик бўйича намуна бўлган. Фарғоналиклар меҳнатсевар, ишбилармон. Бу салоҳиятни, ички имкониятларимизни тўлиқ йўлга қўйиб, халқимизни рози қилиш керак», — деди Президент.
Қишлоқ хўжалигида 653 та лойиҳа амалга оширилиб, 23 мингта доимий иш ўрни яратилади. Олтиариқ, Фарғона ва Бағдод туманларида 1 минг 200 гектарда интенсив боғ ва узумзорлар барпо этилиб, ташаббускорларга 10 йилда бўлиб тўлаш шарти билан ажратиб берилади.
Шунингдек, уй-жой ва йўллар қуриш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, мактаб ва боғчаларни таъмирлаш бўйича режалар маълум қилинди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz




