Фарғонада қуёш батареяларида ишлайдиган кўчма светофорлар ўрнатилди
Вилоятда 2022 йил якунига қадар 462 та таълим муассасалари олдига нотеккисликлар ўрнатиш режалаштирилган.

Бугунги кунга қадар Фарғона вилоятида янги қурилган умумтаълим мактаблари олдига 22 та қуёш панелли светофорлар ўрнатилди. Бу ҳақда Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятда ўқувчи ёшларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун 125 та таълим муассасалари олдида сунъий нотекисликлар яратилган.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг ўзида яна 462 та таълим муассасалари олдига нотеккисликлар ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, пиёдалар ўтиш жойларига 132 та ёритиш мосламалари ўрнатилган.
«Вилоятда аҳоли гавжум жойлар, хусусан, бозорларнинг кириш қисми ва мактаблар яқинига қуёш батареялари ёрдамида ишлайдиган кўчма светофорлар ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда. Мазкур қурилма лойиҳаси Фарғона политехника институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, дастлаб Ёзёвон туманида синовдан ўтказилган кўчма светофор ижобий самара бериб, унинг энергия тежамкорлиги, исталган ерга ўрнатиш имконияти мавжудлиги ҳар жиҳатдан маъқулланган.
Маълумот учун, 2021 йилда Фарғона вилоятида содир этилган 1 минг 469 та йўл-транспорт ҳодисаларида 257 нафар фуқаро вафот этган, 1 387 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 617 таси пиёдалар, 366 таси болалар, 319 та велосипедчилар иштирокида, 401 таси эса тўқнашув оқибатида содир этилган.






