Гигант компаниялар раҳбарлари билан учрашган Мирзиёев, «сарсон бўлаётган» «Қўйлиқ» ва вафот этган араб миллиардери — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2021 йилнинг 18 декабрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
АҚШда завод қураётган Rivian
Электромобиль ишлаб чиқарувчи Rivian компанияси Жоржия штатида Иллинойсдаги заводидан 2 баравар кўп ишлаб чиқариш қувватига эга иккинчи заводни қуради. Янги завод йилига 400 минг дона электромобиль ҳамда қайта зарядланувчи батареялар ишлаб чиқаради. Завод қурилиши 2022 йилнинг ёзида, ишлаб чиқариш эса 2024 йилда бошланади.
Компания акциядорларга йўллаган мактубида кучли бизнес операциялари, иқтидорли кадрлар йиғиш ва логистика нуқтаи назаридан қулай жойлашуви уйғунлиги туфайли заводни қуриш учун Жорджия штатини танлаганини тушунтирган.
Facebook’нинг 50 минг фойдаланувчиси кузатилган
Facebook’нинг 100 та мамлакатдаги қарийб 50 минг фойдаланувчиси «ёлланма кузатув» билан шуғулланувчи кибер ёлланма ишчилар нишонига айланган бўлиши мумкин. Кузатув «журналистлар, диссидентлар, авторитар режимларни танқид қилувчилар, мухолифатнинг оилалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари» устидан олиб борилган.
Facebook’нинг ўн минглаб фойдаланувчилари кузатув остида эканлиги тўғрисидаги хабарни Meta’нинг таҳдидлар бўйича директори Дэвид Агранович ва кибер-жосусликни тергов қилиш бўлими раҳбари Майк Двилянски маълум қилган. Компания ўз текширувидан сўнг Хитой, Исроил, Ҳиндистон ва Шимолий Македониядаги еттита ташкилотни ўчириб қўйган. Улар ҳукумат ёки хусусий мижозлар номидан интернетда шахсларга жосуслик қилиш билан шуғулланган.
Монополиялар учун чекловлар
Ўзбекистонда монополияларнинг мутлақ ҳуқуқлари босқичма-босқич бекор қилиниши мумкин. Маълум қилинишича, Монополияга қарши қўмита «Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиққан.
Ҳужжат билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб аэропортлар, йўл қурилиши, электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш, иссиқлик таъминоти, нефть маҳсулотларини сотиш ва бошқа соҳалардаги давлат улушларининг хусусий секторга босқичма-босқич сотилиши назарда тутилган.
Шунингдек, рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини сотиб олиш, қайта ишлаш, сотиш ва тайёрлаш билан хусусий сектор шуғулланиши мумкинлиги кўзда тутилган.
Қайд этилишича, ҳужжатда хусусий секторни кенг жалб этиш ва монополияларнинг алоҳида ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича 2022–2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш таклиф этилган.
Нон ишлаб чиқаришни бошлаган «Яндекс»
«Яндекс.Лавка» хизмати Москвада тахминан 170 квадрат метрлик майдонда нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этди. Қайд этилишича, «Яндекс» бошланишига кунига 4 мингтагача маҳсулот ишлаб чиқаришни режа қилмоқда. Келажакда эса ишлаб чиқариш қуввати кунига 20 минг донагача кенгайтирилади.
«Яндекс.Лавка» фойдаланувчилари бир неча турдаги багет, cиабатта, круассан, қаймоқли нонга буюртма беришлари мумкин бўлади. Келгусида ассортиментни 30 та маҳсулот турига кенгайтириш режалаштирилган. Барча маҳсулотлар ўз савдо белгиси (СТМ) остида ишлаб чиқарилади.
Айни пайтда бундай маҳсулотлар фақат Москванинг айрим туманларида мавжуд, келажакда «Яндекс.Лавка» ишлаётган барча шаҳарларда нон етказиб беришни ташкил этиш режалаштирилган.
Вафот этган араб миллиардери
Бирлашган Араб Амирликларининг энг бой тадбиркорларидан бири Мажид ал-Футтейм вафот этди. Forbes’нинг ёзишича, унинг ўлими сабаблари ва ёши ҳозирча ошкор этилмаган. Футтейм 1992 йилда чакана савдо ва кўнгилочар гигант Majid Al Futtaim Holding (MAF)га асос солган.

Компания 13 та меҳмонхона ва 29 та савдо марказига, жумладан Дубайнинг диққатга сазовор жойига айланган Mall of Emirates ва Қоҳирадаги Mall of Egypt’га эгалик қилади.
Компания, шунингдек, Франциянинг Carrefour озиқ-овқат тармоғи билан франчайзи сифатида ишлайди ва Яқин Шарқ, Африка ва Осиёнинг 30 мамлакатида 375 дан ортиқ гипермаркетни бошқаради. 2020 йилда MAF’нинг даромади 8,9 миллиард долларни ташкил этди.
«Сарсон бўлаётган» «Қўйлиқ»
«Қўйлиқ» бозорининг кўчирилиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Бу ҳақда сенатор Толибжон Мадумаров Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси якунларига бағишланган навбатдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг айтишича, ушбу масала ижтимоий тармоқда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилингач, жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилган.
«Биз ушбу масала ижтимоий тармоқда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилингач, жойига чиқиб ўрганиш ишларини олиб бордик. ‘Қўйлиқ’ни кўчириш бўйича шаҳар ҳокимининг қарори чиқмаган, ҳозирда бозорнинг кўчирилиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ», — дейди у.
Гигант компаниялар раҳбарлари билан учрашган Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикасининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Маълум қилинишича, тадбирда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Мун Син Ук, Корея халқаро савдо уюшмаси раиси Кристофер Ку, Корея Эксимбанки, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), SK Ecoplant, Posco, Samsung, SK Nexilis, Youngone, KIA Motors, K-water, KT-Net ва кўплаб бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
«Мамлакатимизда бошланган ўзгаришлар ортга қайтмайди. Янги Ўзбекистон стратегиясида мамлакатимизда тадбиркорлар учун энг қулай шароитлар яратиш, хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш ишларини давом эттириш кўзда тутилган. Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва алоҳида стратегик шериги — Корея Республикаси билан барқарор, ишончга асосланган ва жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни қадрлаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда Корея компаниялари билан ҳамкорликда рақамлаштириш, «яшил» энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, фармацевтика, геология соҳалари ва бошқа кўплаб йўналишларда умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ 40 та янги лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






