Google асосчиси Сергей Брин қандай китоблар ўқийди?
Миллиардер қайси китоблардан илҳом олгани маълум бўлди.

Google ҳаммуассисларидан бири Сергей Брин 1979 йилда СССРдан АҚШга кўчиб ўтди, 1990-йилларда эса Google компаниясига асос солди. Айни вақтда Сергей Брин Forbes журналига кўра, дунёнинг энг бой 9-одами ҳисобланади. Қуйида миллиардер қандай китоблар ўқигани ҳақида сўз боради.
Ричард Ф. Фейнман «Албатта сиз ҳазиллашяпсиз, жаноб Фейнман!»
1985 йилда Нобель мукофоти совриндори Ричард Филлипс Фейнманнинг таржимаи ҳоли Қўшма Штатларда бестселлерга айланди. Квант электродинамикаси ва атом бомбасининг кашфиётчиси ҳеч ҳам олимга ўхшамас эди. Китобда америкалик физикнинг ҳаёти барча хилма-хиллиги билан тақдим этилган — гиёҳвандликдан ҳазил ва латифаларгача, қулф териш ва банжо ўйнашдан Эйнштейн билан фикр алмашишгача.
Сергей Брин Америка Ютуқлар Академиясига берган интервьюсида нега физик олимнинг автобиографияси билан қизиқиб қолгани ҳақида сўзлаб берган.
«Мен Фейнманнинг автобиографик ҳикояларини яхши кўрардим. У ажойиб ҳаёт кечиргандек туюлди. Ўз соҳасига қўшган улкан ҳиссаси билан бир қаторда, унинг қизиқишлари ҳам кенг эди. У ўз китобида қандай қилиб Леонардо да Винчига ўхшаб, бир вақтнинг ўзида ҳам рассом, ҳам олим бўлишни хоҳлаётганини ёзган. Бу мени жуда илҳомлантиради. Менимча, бу тўлақонли ҳаётдир», — дейди Брин.
Нил Стивенсон «Кўчки»
1992 йилда «Кўчки» илмий-фантастик романи Стивенсон учун катта ютуқ бўлди ва ёзувчини киберпанк жанрининг етакчиларидан бирига айлантирди. Time журнали китобни инглиз тилидаги энг яхши 100 та асар қаторига киритди.
Романда келажакдаги хаёлий Америка тасвирланган. Мамлакат аҳолиси икки дунё — ҳақиқий олам ва кибермакон ўртасида бўлиб қолган. Бош қаҳрамон Хиро, фрилансер хакер ва пицца етказиб берувчи, «Кўчки» номли янги компьютер вируси сирига қизиқиб қолади. Виртуал маконда вирус компьютерларга зарар етказувчи, реал ҳаётда эса дастурчиларни ўлдирадиган хавфли дори бўлиб чиқади. Роман шумер мифологияси, социологик назариялар ва келажакдаги технологияларнинг жозибали тавсифларини бир-бирига боғлаб беради. Китобда башорат қилинган ихтиролар орасида метамакон ҳам бор. Айнан шунга ўхшаш виртуал олам устида ҳозир Facebook ва Microsoft иш олиб бормоқда. Бу роман эса 1992 йилда ёзилган.
Маълум бўлишича, Стивенсоннинг ушбу романи Силикон водийсида ҳам жуда машҳур. Сергей Брин эса ушбу китобга қуйидагича изоҳ берган:
«Китоб нима бўлишини башорат қилганга ўхшайди. Жуда қизиқ».
Миллиардернинг севимили китоблари қаторида, шунингдек, Мортимер Адлернинг «Китобларни қандай ўқиш керак. Буюк асарларни ўқиш бўйича қўлланма» ҳамда Мо Гавдатнинг «Бахт формуласи» ўрин олган.
Аввалроқ TikTok асосчиси Чжан Имин қандай китоблар ўқиши ҳақида маълумот берилганди.






